Божхона пости янги манзилга кўчди
“Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолияти божхона постининг янги манзилдаги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
2020 йилда вилоятимизда 25 562 та божхона юк декларациялари асосида 240,9 миллион долларлик қарийб 436 минг тонна экспорт-импорт товарларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилган. Вилоятимизда экспорт товарларнинг 54,3 фоизи, импорт товарларининг 15,6 фоизи автотранспорт воситаларида ташилган. Бу юмушлар Самарқанд шаҳрининг марказида жойлашган, халқ тилида «Макаронка» деб юритиладиган “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга оширилган. Ушбу постнинг шаҳар марказида жойлашганлиги, биринчидан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ноқулайлик туғдирган бўлса, иккинчидан, юк автотранспортларининг постга келиши туфайли шаҳарда тирбандлик юзага келарди.
Бугун, 26 январь - Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолияти божхона постининг янги манзилдаги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Ушбу янги бино Самарқанд-Бухоро-Туркманобод автомагистраль йўли ёқасида жойлашганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳам бирмунча қулайликлар яратади. 1,2 гектар майдондаги логистика маркази Давлат божхона қўмитасининг 12,6 миллион доллар маблағи ҳисобидан қурилди. 3,3 минг квадрат метр майдондаги божхона омборларида бир вақтнинг ўзида 1200 тоннага яқин товарларни сақлаш мумкин.
- Аввалги постда кунига 20-30 тагача юк автотранспортларини қабул қилиш имкони бор эди, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Якуб Мирзараҳимов. – Янги постда эса кунига 60-70 тагача юк автомобилларини қабул қилиш имкони бор. Яна бир аҳамиятли жиҳати, янги логистика марказида бир жойнинг ўзида тест, экспертиза, ўсимликлар карантини, давлат санитария, ветеринария хизмати каби сертификат идоралари ва банк шохобчаси ҳам ташкил этилиб, “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатмоқда. Бу, аввало, вақтни тежайди, қолаверса, ташқи иқтисодий савдо иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратади.
Янги постнинг очилиш тадбирида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов, сенатор Ф.Тошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Э.Салиҳов ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сана муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят ҳокимлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқарманинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўктам Худойбердиев,
Алишер Исроилов (фото).