Божхона текширувига 30 сония кифоя
Самарқанд халқаро аэропортида соатига 1200 нафардан зиёд йўловчига божхона хизматлари кўрсатиб келиняпти.
Олдин мазкур аэропортда назорат, хавфсизлик ва фуқароларга хизмат кўрсатиш тизимида муаммо ва камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатлари кўп кузатилган. Айни пайтда тизимда инсон омили камайтирилиб, фуқароларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатишда тезкорлик таъминланмоқда.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳамда “масофавий божхона назорати” тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Божхона пости бошлиғи Акбар Мелибоевнинг маълум қилишича, Самарқанд халқаро аэропортининг учиб кетиш йўлакларида 2022 йил апрель ойидан Ўзбекистонда илк марта “масофавий божхона назорати” тизими ишга туширилган. Ушбу тизим орқали Ўзбекистондан бошқа давлатга учиб кетувчилар 30 сонияда божхона текширувидан ўтади. Уларнинг юклари ҳам шунча муддатда текширилади. Қолаверса, мамлакатга келувчи ҳар қандай шахс ва унинг юки ҳақидаги маълумот аэропортдаги ситуацион марказга олдиндан етказилади.
- Шубҳа остига олинган фуқаролар аэропортга киргач, юкини топшириб, ўзи “body scaner” қурилмасидан ўтади, - дейди А.Мелибоев. - Уларнинг таналари сканер қилиниб, маълумотлари электрон журналда қайд этиб борилади. Агар фуқаро бунгача ушбу аэропортдан учган бўлса, у ҳақдаги эски маълумотлар тарихи ҳам чиқади. Ушбу қурилма гиёҳванд моддалар, заргарлик буюмларини ошқозонига ёки танасининг бошқа қисмига яшириб ўтмоқчи бўлганларни тезда аниқлайди. Юклар эса рентген аппаратидан ўтказилади. Ускуна мониторида юк ичида нималар борлиги кўринади ва ҳар бир жисм махсус белгиланган рангларда тасвирланади.
Ўзбекистонга кириш, яъни аэропортнинг учиб келиш қисмида ҳар бир фуқаро ва юкларнинг маълумотлари аввалдан аэропортдаги ситуацион марказга етказилади. Бино шифтига ўрнатилган махсус камералар шубҳа остига олинган фуқароларни аввалдан аниқлайди ҳамда уларнинг кўриниши, кийими, юки ҳақидаги тафсилотларни ситуацион марказга етказади. Марказ ходимлари буни кўргач, учиб келиш жойида турган текширувчи божхона ходимларига хабар қилади. Текширувчилар шубҳага олинган йўловчиларни тўхтатиб, юкларини икки уч ўлчамли назорат аппаратидан ўтказади. Агар ортиқча товарлар аниқланса, уни вақтинча сақловга қўяди. Йўловчи билан ҳуқуқбузарлик бўйича баённома тузилади.
Пресс-тур давомида учиб келиш ва кетиш бўйича барча рейслар ҳақидаги маълумотлар “Aviamn” дастуридан ўрин олганига гувоҳ бўлдик. Учиб келаётган фуқаронинг маълумоти, ҳатто қайси ўриндиқдалиги ҳам дастурга киритилар экан. Масалан, Туркияга учиб кетмоқчи бўлсангиз, сиз харид қилган чиптадан тортиб, тегишли маълумотларингизгача барчаси Туркия аэропортида бўлади. Маълумотлар Ўзбекистонга ҳам худди шу тартибда етиб келади.
- Масофавий божхона назорати тизими ишга тушгач, қоидабузарликлар сони кўпаймоқда, - дея сўзида давом этди, - А.Мелибоев. - Аввал назорат тизими талаб даражасида бўлмагани учун тақиқланган буюмлар ва юклар турли йўллар билан олиб ўтилган. Айни пайтда эса бунинг иложи йўқ. Жумладан, 2023 йилда Самарқанд халқаро аэропортида 9 миллиард сўмлик божхона қоидабузарликлари аниқланди. Жорий йилнинг январь ойида эса 145 нафар хавф кузатилган йўловчи “қизил” йўлакка йўналтирилиб, 22 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди ва қиймати 1063,360 миллион сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.
Ўтган бир ойда “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали 563 та авирейс амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан рейслар сони 109 тага ёки 24 фоизга кўпайган. Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропорти орқали 95 минг 645 нафар йўловчи ҳаракатланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга кўпдир.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.