Бола бўлиб қолсам, қанийди?!

Қўшработ тумани Навкат маҳалласида ташкил этилган тадбирда маҳалла раиси табрик сўзини беихтиёр шу гап билан бошлади

Қўшработда бундан 4 йил олдин болажонларни мактабгача таълимга қамраб олиш 16,6 фоизни ташкил қилган. Ўша пайтда бор-йўғи 15 тагина давлат мактабгача таълим муассасаси бор эди. 

Бугун эса 21 та давлат, 4 та давлат-шериклик асосидаги ҳамда 137 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, қамров 61,3 фоизга етди. Бу кўрсаткич янада ошиши кутиляпти. 

2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгач, муассасалар ташкилотга айлантирилди ва алоҳида мактабгача таълим бўлимлари фаолият бошлади. Кейинги йилларда туманнинг чекка ҳудудларида 5 та мактабгача таълим ташкилоти учун янги бинолар қурилди. 9 та мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага эга бўлди. 

Қувонарлиси, кеча тоғлар орасида жойлашган Навкат ҳамда Қовунчи маҳаллаларидаги 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган 48 нафаргача болани ўз бағрига оладиган "Ақлвой" мобиль боғчаси фойдаланишга топширилди. 

Битта автобус ҳам ажратилди.

- Бола бўлиб қолсам, қанийди, - дейди Навкат маҳалласи раиси З.Мусурмонов. – Бола пайтимизда бунақа шароитлар қайда эди?! Қандай чиройли автобус! Унинг ичида телевизор, ўйинчоқлар, шкаф, стол-стул. Давлатимиз томонидан яратилаётган бундай имкониятлар болаларимизнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилади. 

Шоира Сайфуллаева.