Болага телефон берманг!

Автобусда кетаётиб, чамаси 2-3 ёшли боланинг тинмасдан йиғлаб, ўжарлик қилаётганига гувоҳ бўлдим. Онаси ширинлик ва ўйинчоқлар бериб уни овутмоқчи бўлар, аммо бола кўнмасди.

Шу пайт бола ёнидаги одамнинг телефонига талпингандек бўлди. У киши гўдакнинг нима истаётганини тушунди ва телефонни узатди. Қизиқ, бола дарров тинчланди. Манзилига яқинлашган телефон эгаси болани овунчоғидан айиришга мажбур бўлди.

Болакай яна хархаша қилар, атрофдагилар эса безовталанарди. Шу ерда турган бир қиз уни нима овутиши мумкинлигини билиб, телефонини берди. У яна жим бўлди. Телефон экрани устида бармоқларини катталардек ҳаракатлантириб, суратлар папкасига кирди ва томоша қила бошлади. Ҳали ҳарф танимайди, китоб ўқишни билмайди, лекин телефонни "тушунади".

- Қулфлаб бермадингизда, - деди боланинг онаси хижолат бўлгандек.

- Ҳеч қиси йўқ, жим кетса бўлгани, - деб кулиб қўйди қиз.

- Уйда нуқул дадасининг телефони билан ўйнайди-да, - деди аёл. – Ўзим ишлатмайман, лекин бу бола шунга ўрганиб қолган.

Болалар телефонга ўз-ўзидан ўрганиб қолмаётгандир, биз, катталар ўргатиб қўймаяпмизмикан?

Дилноза Қурбонова.