Болакайга зулм қилган тарбиячи ишдан олинди, вазирлик бундай ҳолатларда хусусий боғча лицензиясини бекор қилиш тарафдори эканини билдирди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги "Baby land" хусусий боғчасида суратдаги болакайга зулм қилишгани, уни уриб баданининг турли жойларига шикаст етказишганлиги акс этган суратлар тарқалган эди.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан ўрганишларини маълум қилди.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, кичик гуруҳ тарбиячиси И.Д. томонидан 2022 йил 24 март куни 2019 йилда туғилган тарбияланувчи У.Ф.га тан жароҳатини етказилганлиги юзасидан тарбияланувчининг онаси И.Ш. томонидан Самарқанд тумани ИИБга ёзма равишда мурожат қилинган.

Ҳозирги кунда туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тадбиркор томонидан тарбиячи И.Д. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мактабгача таълим вазирлиги бундай ҳолатларда хусусий боғчаларни лицензиясини бекор қилиш масаласини илгари суради, дейилади вазирлик хабарида.