Болалар оромгоҳлари ёзги мавсумга тайёрланмоқда
Самарқанд вилоятида 2026 йил ёзги мавсумда болалар дам олишини хавфсиз ва мазмунли ташкил этиш мақсадида оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ишлари давом этмоқда.
Бу борада Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси томонидан қатор санитария-гигиена ва эпидемиологик талаблар белгиланди.
Мазкур тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг “2026 йил ёз мавсуми давомида болаларни дам олдиришни тизимли ташкил этиш, соғломлаштириш ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги баёни ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг тегишли кўрсатмалари асосида олиб борилмоқда.
Вилоятдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида айни кунларда ҳудудларни ободонлаштириш, биноларни таъмирлаш ва тозалаш, ичимлик суви ҳамда оқова сув тизимларини дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ётоқхоналар, ошхоналар ва тиббиёт хоналари санитария талабларига мос равишда жихозланмоқда. Ошхоналарга қўшимча музлаткичлар, мармитлар ва зарур технологик жиҳозлар ўрнатилмоқда. Оқартириш ва дезинфекция воситалари захираси шакллантирилиб, ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда санитария минимум ўқувларини ташкил этиш ишлари назоратга олинган.
Бундан ташқари, чўмилиш бассейнларини таъмирлаш ва дезинфекция қилиш, тиббиёт пунктларини дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ҳудудларнинг тунги ёритиш тизимларини яхшилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳар бир оромгоҳда пирометр, антисептик воситалар ва зарур тиббий жиҳозлар бўлиши шарт этиб белгиланган.
Мутасаддилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳам қатъий назорат қилинмоқда. Оромгоҳларга фақат сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга маҳсулотларни қабул қилиш бўйича тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузилмоқда.
Санепидқўмита мутахассислари томонидан барча оромгоҳлар босқичма-босқич ўрганилиб, санитария-гигиена талаблари тўлиқ бажарилгандан кейингина фаолият бошлаш учун рухсатнома берилади.
Бу йил вилоятдаги 14 та доимий оромгоҳда ёзги мавсумда 8700 нафардан ортиқ болаларни соғломлаштириш режалаштирилган
Латиф Рустамов,
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи.