Болаларга нисбатан зўравонликларнинг ошишига қандай омиллар сабаб бўляпти?

2021-2022 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИCEФ) томонидан Мультииндикатор кластер кузатуви (МICS) асосида Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолати таҳлил қилинганда, 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 31 фоизи зўравонликсиз таълим усуллари орқали тарбияланиши, 29 фоизи қандайдир жисмоний жазога, 4 фоизи эса қаттиқ жазога тортилиши аниқланган.
Янаям ачинарлиси, оналар ва бошқа тарбиячиларнинг 11 фоизи болани жисмонан жазолаш керак, деб ҳисоблайди. Хусусан, 1-14 ёшдаги болаларнинг 60 фоизи психологик зўравонликка дучор бўлса, 62 фоизи ота-она зўравонлигининг қандайдир шаклларини бошдан кечирмоқда.
Сўровда қатнашган аёлларнинг 40,7 фоизи бир қатор вазиятларда жисмоний зўравонлик қўлланилишини оқлаган. Шундан 37,9 фоизи шаҳар ва 43,1 фоизи қишлоқ аёлларидир.
Бу ҳақда Тошкент шаҳрида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниш, уни жамоатчиликка етказиш мақсадида ОАВ вакиллари учун ўтказилаётган медиа-тренингда маълум қилинди.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган семинарнинг илк кунида дунё бўйича болаларга қилинаётган зўравонлик ва унинг асосий сабаблари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Таъкидланишича, оилавий келишмовчиликлар, иқтисодий муаммолар, эътиборсизлик, жамиятда хавфсиз муҳитнинг яратилмагани ва ёшларнинг ҳаётий кўникмалари шакллантирилмагани болалар ўртасида зўравонликнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, ҳар йили дунё бўйича 1 миллиард бола жисмоний, жинсий, руҳий ёки зўравонликнинг бошқа турига дуч келади. Бу 10 нафар боладан 6 нафари зўравонликка учрайди дегани. Оналарнинг эса ҳар 4 нафари боласини зўравонлик билан тарбия қилади. Ўғил болалар асосан жисмоний, қизлар эса мажбурий турмуш ёки жинсий зўравонликдан азият чекади. Энг ёмони, ҳар 7 дақиқада бир нафар бола қурбон бўлади.
Семинар давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио ва экспертлар гуруҳи юртимизда болаларни бу каби зўравонликнинг барча туридан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
- Ўзбекистонда кейинги беш йилда болалар ва аёлларни зўравонликдан асраш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳим ишлар қилинди, - дейди Реҳина Кастижио. - Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, ижтимоий ҳимоя ягона реестри ишга туширилди, мактабгача таълим ташкилотларига қамров оширилди, ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлар, имтиёз ва қўллаб-қувватлашлар натижасида олий таълим муассасаларида ўқийдиган хотин-қизлар сони кўпайди, тиббий хизматлар сифати яхшиланиб, оналар ва болалар ўлими камайди.
Шунингдек, “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланяпти. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари, жабрланган болалар ҳуқуқлари, хавф остида бўлган болаларни ҳимоя қилиш, ҳимоя ордери бериш, таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслик белгиланмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.