Бўлган воқеа: "Сенга моддий ёрдам йўқ! Сур ғалтагингни..."
У маҳалла раиси олдига келиб ўзини ночордан олиб ночорга солди ва моддий ёрдам сўради.
- Қўлдан берганга қуш тўймайди, ука, - деди раис. - Тўрт мучанг соғ. Ишлайман, десанг, тоғни талқон қиласан. Яхшиси, юзта товуқ олишингга кўмаклашаман.
Сўнг қўшиб қўйди:
- Кунига 70-80 тадан тухум туғсаям рўзғорингга барака киради, сотиб, пул топасан. Товуқ етти хазинанинг бири, ахир.
- Майлику-я, - деди у чайналиб. - Лекин ҳовлимда товуқ катагим йўқда...
- Унисигаям кўндим, - оқсоқол ён босди. - Икки йигитга айтаман товуқ катак қуришингга ёрдамлашади. Бўладими?
- Майлику-я, - у яна чайналди. - Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон, деганларидай, юзта товуқни қандай боқаман?
- Бу ёғини ўйлама, - раиснинг энсаси қотсаям сездирмади. - Тўрт-беш кунга етадиган ем топиб бераман.
- Майлику-я, - баттар чайналди у. - Аммо тўрт-беш кундан кейин нима қиламан, товуқ боқишнинг ўзи бўладими?
Раиснинг жаҳли чиқди:
- Унда кетавер. Товуқларни катаги бор, дон-дун топадиган бошқа оилага берамиз. Бўладими?
- Майлику-я, моддий ёрдам-чи? Моддий ёрдам нима бўлади?
- Моддий ёрдам сенга тўғри келмайди!.. Сур ғалтагингни...
У ўша куннинг ўзида раиснинг устидан шикоят ёзди...
Лола Ўроқова.