Бўлғуси ҳамшира ва тиббиётчи йигитлар йил давомида ўрганган билимларини амалиётда кўрсатди

Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Каттақўрғон жамоат саломатлиги техникумининг ҳамкорлик доирасида “Ректор ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб техникумда тиббиёт университети билан ҳамкорлик доирасида қилинган ишлар кўргазмаси юзасидан тақдимот ўтказилди. Техникум директори Ҳ.Шукуров меҳмонларни ўрта бўғин тиббиёт ходимларини тайёрлашда қўйилган замонавий талаблар, халқаро андазаларга мос ва илмли кадрлар тайёрлаш мақсадида яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, лаборатория, симуляцион ўқув хоналар, АРМ билан таништирди.
Ўқувчилар эгаллаётган касби бўйича билим, малака ва кўникмаларини тренажёр ва манекенларда бажариб, таълим жараёнида шаклланаётган компетенцияларни намойиш этишди. Сўнгра ўқувчилар ҳамда педагоглар билан очиқ мулоқот уюштирилди. Мулоқотда Самарқанд давлат тиббиёт университети проректори А.Кубаев юртимизда олий ва ўрта махсус тиббий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган янгиликлар ҳамда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапирди.
Ўқувчилар университетда таҳсил олиш тартиби, кириш имтиҳонлари, грант асосидаги қабул кўрсаткичлари ва бошқа саволларга жавоб олишди.
Ж.Юсупов,
Абу Али ибн Сино номидаги Каттақўрғон жамоат саломатлиги техникуми директори ўринбосари.