Болта билан жароҳатланган блогер Отабек Жўраевнинг иши Самарқанд ИИБ томонидан ўрганилмоқда

Ижтимоий тармоқларда блогер Отабек Жўраевнинг Самарқандда калтаклангани ва у тан жароҳати олгани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси маълумот берди. Қайд этиш керак, бу маълумотлар аввал тарқалган хабарларни жиддий инкор қилади.

Ушбу хабарларда келтирилган ҳолатлар Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлдики, Отабек Жўраевнинг ички ишлар органларига берган аризасига кўра, Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатларга кўра, 2019 йилнинг 4 август куни соат 18:00 ларда Отабек Жўраев Самарқанд шаҳри, Ибн Холдун кўчаси, 4 а-уй олдида Дониёр Усмонов билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида бир-бирларини болта ва арматура бўлаклари билан уриб тан жароҳати етказишган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида, О.Жўраевнинг ўнг тирсак бўғими, кўкрак қафаси соҳаларида шилинмалар, бошнинг чап чакка соҳасида юзаки жароҳатлари мавжудлиги, улар ўтмас қаттиқ жисм таъсирида етказилганлиги, ушбу жароҳатлар соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлмаслиги, шунинг учун енгил тан жароҳатлари гуруҳига киришлиги кўрсатилган.

Д.Усмоновнинг қорин олд деворида кесилган яралар каби жароҳатлар аниқланганлиги, улардан шилинмалар, қонталаш ва урилиб йиртилган яраси ўтмас қаттиқ жисм таъсирида, кесилган яралар ўткир тиғли восита таъсирида етказилганлиги, ушбу жароҳатлар соғлиқнинг олти кундан кўп, аммо йигирма кундан кам бўлган муддатга бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари гуруҳига киришлиги Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида кўрсатилган.

Ҳолат бўйича шу куни Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилганда бир дона болта далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. О.Жўраев ҳолат юзасидан ўз тушунтириш хатида, Д.Усмоновнинг собиқ турмуш ўртоғи Р.Усмонова билан шаърий никоҳ асосида турмуш қурганлигини маълум қилган. Шу куни унинг яшаш уйида ўтирганда Д.Усмонов келиб, нима сабабдан турмуш ўртоғи билан юришини ва автомашинасини ҳайдаб юрганлигини айтиб, болта билан Р.Усмоновани автомашинасини бузиб ташлайман деганида, О.Жўраев уни тўхтатмоқчи бўлган ва болта О.Жўраевнинг бош қисмига тегиб кетган. Шунингдек, у ушбу болта билан Д.Усмоновнинг қорин қисмига ҳам жароҳат етказиб, қочиб кетиб, шифохонага мурожаат қилганлигини баён қилган.

Д.Усмонов дастлабки тушунтириш хатида шу куни набираларидан хабар олиш учун собиқ турмуш ўртоғи Р.Усмонованинг яшаш уйига борганида, унга нотаниш бўлган, кейинчалик билишича О.Жўраевни кўриб, уйидан чиқиб кетишини айтганида О.Жўраев Р.Усмоновага тегишли бўлган «Каптива» русумли автомашинасини ҳайдаб кетишини айтганлиги, аммо у турмуш ўртоғи билан ажрашган бўлса-да, мол-мулки бўлинмаганлиги сабабли бунга йўл қўймаганлигини, автомашинани орқа тутун чиқариш тешигига латта ва ёғоч билан ёпганида ўрталарида жанжал келиб чиққанлиги, болтани олиб автомашинага шикаст етказмоқчи бўлганида О.Жўраев болтани ушлаб олганлиги, шу пайтда унинг бош соҳасига тегиб кетганлиги, у болтани тортиб олмоқчи бўлганида болта ўзига текканлигини, натижада жароҳат олиб шифохонага мурожаат қилганлигини баён қилган.

Д.Усмоновдан қўшимча равишда тушунтириш хати олинганида, у дастлабки берган айрим тушунтиришларини ўзгартириб, шу кунги жанжал вақтида О.Жўраев уни шу ерда турган арматура бўлагини қўлига олиб, қорин соҳасига икки маротаба уриб тан жароҳати етказганлиги, шундан кейин ўзини ҳимоя қилиш мақсадида арча тагида бўлган болтани олиб, автомашинага шикаст етказмоқчи бўлганлигини, О.Жўраев эса унинг қўлидан болтани тортиб олаётган вақтида ўзининг бош соҳасига тегиб кетганлигини баён қилган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, - дейилади ИИВ хабарида.