Бош прокуратура ДХХ билан ҳамкорликда ОТМларда тамаргирлик ҳолатларини аниқлашди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда олий таълим муассасаларидаги тамаргирлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Хусусан, ўтказилган тезкор тадбирда Андижон давлат университети кафедра доценти Л.Р. фуқаролар М.М. ва Ф.А.ларни Қирғизистон Республикасидаги университетда ўқиб келаётгани ҳақида танишлари орқали сохта ҳужжатлар тайёрлаб, уларнинг ўқишини Андижон давлат университетига кўчириб қўйиш эвазига 4 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон давлат тиббиёт институти талабалари З.Н. ва Ш.С.лар моддий манфаатдорлик эвазига Қирғизистон Республикаси Жалолобод шаҳридаги “Научно-исследовательский медико-социальный институт” номли олийгоҳда таълим олаётган М.С.нинг ўқишини Андижон Давлат тиббиёт институтига мазкур институт мансабдор шахслари орқали кўчириб беришни ваъда қилиб, 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида олганда ашёвий далиллар билан ушланган.
Фуқаро О.Р. Андижон давлат университетида ишлаётган мансабдор танишлари орқали Қирғизистон Республикаси ўзбек-қирғиз университетининг информатика йўналиши бўйича 1-босқичида таҳсил олаётган Н.Ш.нинг ўқишини олийгоҳнинг информатика йўналиши бўйича 1-босқичига кўчириб бериш эвазига 200 АҚШ долларини пора тариқасида олган пайтда ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.