Бош прокуратура Юсуповнинг видеомурожаати юзасидан баёнот берди
Бош прокуратура томонидан интернет ижтимоий тармоқларида фуқаро Ш.Юсупов ва унинг тарафдорлари томонидан эълон қилинган видеомурожаатлар ўрганилди.
Унга кўра, Ш.Юсупов онлайн-аукцион орқали 326,0 миллион сўмга мулк сотиб олган. Лекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу мулкни ундан олиб қўйиш мақсадида асоссиз равишда унга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, қамоққа олмоқчи бўлгани, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ваъда берган бўлса-да, жиноят иши бўйича тергов Андижон вилояти прокуратурасидан Наманган вилоят прокуратурасига ўтказилмаганлигини билдирган.
Аниқланишича, Ш.Юсупов раҳбарлигидаги “Yu.” МЧЖ аукционда иштирок этиб, Олтинкўл туманидаги ферма бино-иншоотларини 326,0 миллион сўмга сотиб олган.
Мазкур ферма бино-иншоотлари Ш.Юсуповга тилхат асосида топширилиб, аукционга қўйилмаган бино-иншоотлар, мол-мулклар ва чорва моллари тегишли тартибда олиб чиқиб кетилиши тушунтирилган.
Ш.Юсуповнинг мурожаатига асосан Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Андижон вилоят бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, МИБ ходимлари томонидан ҳужжатларга аукционда сотилган мулк ҳақида нотўғри маълумотлар киритилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида ферма бино-иншоотлари Ш.Юсупов томонидан сотиб олингани, МИБ ходимлари томонидан огоҳлантирилган бўлса-да, аукцион савдоларига қўйилмаган ва ғолиблик баённомасига киритилмаган 300,0 миллион сўмлик қурилиш маҳсулотларини сотиб юбориб, кўп миқдордаги мулкларни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.
Шунга кўра, жорий йилнинг 22 октябрь куни Ш.Юсупов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва бошқа моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Бундан ташқари, гумонланувчи Ш.Юсупов муқаддам содир этган жиноятлари учун 2014 йил 15 январда ЖИБ Наманган вилояти судининг ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми, 210-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Қайд этилган жиноят ишининг тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган бўлиб, терговни ҳудудийлигига кўра, Наманган вилояти прокуратурасига ўтказилишига зарурият аниқланмаган.