Бош қомус нима берди?
Жорий йил 1 майдан кучга кирган Конституция бутун мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши билан муҳим аҳамиятга эга. Зотан, илгари Асосий қонун сифатида эътироф этилса-да, унда белгиланган нормаларга нисбатан бундай муносабат йўқ эди.
Умуман, янги таҳрирдаги Конституция ҳақида гапирганда у фуқароларимизга фаровон яшаш, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда эртага эмас, бугун яшаш имконини берди. Мисол учун, Бош қомусимизда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади. Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга унинг қиймати ҳамда кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.
Бундан ташқари, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Мазкур тамойилнинг узвий давоми сифатида “давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, деган норма киритилди. Барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам давлатнинг мажбурияти сифатида қайд қилинди.
Бош қомусимизнинг янги таҳририда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди. Мисол учун, ўлим жазоси конституциявий даражада тақиқланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Шунингдек, Асосий қонунда шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгайди.
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди.
Эгамберди Олмосов,
Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди раиси.