Бош қомусимиз халқаро стандартларга мос келадиган ҳуқуқий ҳужжат
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)"ги қонунлари билан Конституциямизнинг суд қонунчилиги билан боғлиқ бир неча моддаларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий суд тизимида ягона олий суд ҳокимияти органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суд кенгаши ташкил этилди.
Соҳада юз берган бу янгиланиш суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиб, ягона суд амалиётини шакллантирди. Яъни, мазкур тузатишларга мувофиқ, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди. Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судлари ҳамда туман, шаҳар иқтисодий, маъмурий судлари ташкил этилди. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда қулайлик яратди.
Маҳалла – маънавият ўчоғи. Бу тузилма миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзига сингдирган ўзини ўзи бошқаришнинг чинакам халқона институти сифатида халққа энг яқин бўлган фуқаролик жамиятининг миллатимизга хос ноёб тизимидир.
Шу жиҳатдан фуқаролар йиғинларининг мамлакат тараққиётидаги ўрни беқиёс. Мустақиллик йилларида давлатчилигимиз тарихида илк бор фуқаролар йиғинларининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида ҳудудий ўзини ўзи бошқариш бирликлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.
Ушбу ноёб институт фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йил 15 октябрда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида" ва "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.
"Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонун билан маҳалла ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнга ўзгартиришлар киритилди. Амалдаги қонунда фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати икки ярим йил этиб белгилангани сайловларнинг ҳар сафар бир мавсумда ўтказиш имконини бермаётганди. Бу масалада яхлит сананинг йўқлиги халқаро тажрибага ҳам мос эмас эди.
Эндиликда оқсоқолларнинг ваколат муддати уч йил қилиб ўзгартирилди. Шу муносабат билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддатини Конституциядан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва 105-модданинг 1-банди "Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни (оқсоқолни) сайлайди.", дея ўзгартирилди. Бу ҳолат келажакда фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддатини Конституция нормаларини ўзгартирмасдан яна узайтириш имконини беради.
Хуллас, буюк келажакни кўзлаган улуғ элнинг халқчил қомуси – Конституциямизда белгилаб берилган меъёрларни ўзимиз учун дастуриламал қилсак, фаолиятимизда қўллаб, унга риоя этсак, янада улкан мақсадларга эришамиз.
Акрам ХАЛИЛОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.