Бойлик ва саховат тўғрисида масал

Бир камбағал бўлган экан. У кўпинча  қўшниларининг бойиб кетаётганини, уларнинг савдоси яхши юритишини кузатиб, ўзининг иши яхши бўлмаганидан норизо бўлиб юрар экан.

Кунларнинг бирида у одатдагидек ғамга ботиб юрганида, йўл бўйлаб юриб кетаётган донишмандни учратибди.

- Нимадандир хафа кўринасан, - сўрабди донишманд.

- Мен қашшоқликдан қутула олмаяпман, - тан олибди киши. – Мен илм билан ҳам, савдо билан ҳам шуғулланиб кўрдим, лекин ҳеч бири яхши натижа бермади.

- Сен сахий бўла олмаганинг учун қашшоқсан, - жавоб берибди донишманд.

- Қандай қилиб сахий бўламан ахир? Менда ҳеч вақо йўқ. Ҳатто ўзимга яхши кийим ҳам сотиб ололмайман, қайиқ ясашим керак, унга ҳам пулим йўқ. Жон деб одамларга бирон нарса совға қилардим, лекин топган пулим ўзимга етмайди.

- Сахийлик фақат пулда намоён бўлади, деб ўйлайсанми? Ҳар бир инсон пули бор-йўқлигидан қатъи назар барибир бой. Ҳар бир кишида еттита бойлик бор, моддий бойлик уларнинг бири. Сенда биттаси йўқ, бироқ қолган олтитаси бор-ку.

- Айтсангиз-чи, у қайси манбалар экан?

- Бу сенинг юрагинг, фикрларинг, кўзларинг, табассуминг, сўзларинг ва қўлларингдир. Юрагинг орқали сен чин дилдан ҳаммага бахт тилашинг мумкин. Фикрлар – улар пок ва саховатли бўлиши керак. Кўзлар билан дунёга умид, муҳаббат ва самимийлик билан қараш мумкин. Табассум – сен катталарга, болаларга, ҳайвонлар ва ўсимликларга, осмонга, умуман, ҳаммага чексиз табассум бахш эт. Сўзлар – сен қўлингдан келганича бировга яхшилик тилашинг, шунчаки гўзалликдан баҳраманд бўлишинг, яхши  нарсаларни айтишинг керак. Қўллар билан ҳар куни бирор бир муҳтожга фойданг тегсин. Масалан, кекса қўшнингга боғини тозалашга, қўшни аёлга эса оғир бўхчаларини кўтаришга ёрдам бер.

- Яхши, сиз айтганингиздек қилиб кўраман, - камбағалнинг кўзларида умид пайдо бўлди.

- Ёдингда тут, - яна бир фурсат тўхтатди уни донишманд. – Бу бойлик эвазига бирон бир нарса сўрамасдан уни баҳам кўр. Қўлингдан келганича тортиқ қил. Шундан сўнг сенга дунёдан ҳақиқий бойлик, эҳтимол бошқа одамлар, бошқа ишлар орқали келса ажабмас.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.