Бозор ва нон цехлари ўрганилди: Санитария қонун талаблари бузилиши аниқланди
Қаҳратон қишнинг шу кунларида аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ошган. Айниқса, кундалик эҳтиёж учун зарур сабзавот, гўшт, нон маҳсулотлари савдоси авжида.
Бундай пайтда, аввало, харидорларга арзон ва сифатли, саломатлик учун хавфсиз бўлган маҳсулотларни таклиф этиш лозим. Қолаверса, бу вазиятда нарх-наво сунъий ошириб юборилишининг олдини олиш ҳам энг муҳим масала. Иккала ҳолатда ҳам аниқ қонун талаблари, меъёрлари бор, барча унга амал қилишга мажбур.
Афсуски, ана шундай синовли дамларда белгиланган қоидаларга амал қилмай, фақат ўз манфаатини ўйлаб савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган кимсалар ҳам учраб турибди.
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан вилоятдаги деҳқон бозорлари, қолипли нон ишлаб чиқариш корхоналари ва нонвойхоналарнинг санитария ҳолати ўрганилганда шу каби нохуш ҳолатлар қайд этилди.
– Бир кун давомида 11 та деҳқон бозори ва 4 та қолипли нон ишлаб чиқариш корхоналарида санитария қонун талаблари бузилгани аниқланиб, масъул ходимлар огоҳлантирилди – дейди Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Л.Рустамов. – Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Мармар, Темирйўл деҳқон бозорларида, Паст Дарғом мева-сабзавот деҳқон бозорида, шунингдек, Каттақўрғон шаҳри, Нуробод, Пайариқ, Пахтачи деҳқон бозорларида маҳсулотларнинг антисанитария ҳолатида сотилаётгани, ҳудудлар тозаланмагани ва чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмагани аниқланди. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган фуқаролар томонидан сифати кафолатланмаган тайёр таомлар сотилишига йўл қўйилган. Тез бузилувчи, балиқ, парранда ва сут маҳсулотлари ҳамда кремли қандолат маҳсулотлари санитария талабига жавоб бермаган шароитда совуткичлар билан таъминланган ҳолда очиқ пештахталарда сотилмоқда.
Бозорлар ҳудудидаги савдо, умумий овқатланиш ва бошқа биноларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирларини ўтказиш учун тегишли корхоналар билан шартномалар тузилмаган.
Каттақўрғон туманида фаолият кўрсатаётган 19 та қолипли нон ишлаб чиқариш корхонасининг 17 таси мослаштирилган бир ёки иккита хонадан иборат биноларда жойлашган. Бу корхоналарнинг барчасида маҳсулот ишлар чиқариш кетма-кетлигига риоя қилиш учун хоналар етишмайди.
Пайариқ туманидаги 30 та қолипли нон ишлаб чиқариш корхонасининг 5 тасигина лойиҳа асосида қурилган. Қолганлари мослаштирилган бир ёки икки хонадан иборат биноларда фаолият кўрсатмоқда. Энг ёмони, бу корхоналар марказлашган ичимлик сув тармоғидан эмас, қудуқ сувларидан фойдаланмоқда.
Ўрганилган нон ишлаб чиқариш корхоналари ва новвойхоналарда ходимларнинг кўпчилиги тиббий кўрикдан ўтмаган, махсус кийим билан таъминланмаган.
Ушбу корхоналарда ваколатли органни хабардор этиш тартибида профилактик тадбирларни ўтказиш учун тегишли ҳужжатлар Бизнес-омбудсманга тақдим қилинди.