Бозорда контрафакт маҳсулотлар қанча кам бўлса, нарх шунча арзонлашади
Ҳозирда аксарият тадбиркорлар ўзи учун каттароқ бўлган режани олдинга қўйиб бизнесини бошлаш учун ўз брендини яратиб, кейинчалик ишни бошлайди. Бироқ ўз брендига эга бўлмаган айрим “тадбиркор”лар ўзганинг товар белгисидан фойдаланиб, жаҳон бозорида машҳур бренд номини ўзлаштирган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаряпти.
Вилоят интеллектуал мулк ҳимояси маркази етакчи мутахассиси Ҳасан Узоқовнинг Zarnews' га маълум қилишича, бундай товарлар контрафакт маҳсулотлар дейилади. "Мисол учун, ҳаммага маълум бренд маҳсулот номининг маълум ҳарфларини ёки кўринишини ўзгартириб ёки ўзартирмасдан, ҳуқуқ эгасининг рухсатини олмасдан ишлаб чиқариляптики, бу қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлмоқда.
Бугун тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган контрафакт маҳсулотлар сони кам эмас. Бу истеъмолчиларнинг чалғишига олиб келади. Яъни, тадбиркор ўзининг маҳсулотини бошқа ном билан ишлаб чиқарса, бозорда унинг товари кирмай қолишини билиб, рақобат қилишдан қочади. Aгарда у бирор машҳур бренд номини қўйиб чиқарса, бозорга ўз маҳсулотини кирита олади. Аммо тадбиркор бу маҳсулотнинг айнан ўша машҳур бренд товар каби тайёрланишига, таркибига ва сифатига деярли эътибор бермайди. Бу эса истеъмолчининг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин.
Бундан ташқари, бозорларда контрафакт маҳсулотларнинг пайдо бўлиши ўз-ўзидан худди шунақа бренд маҳсулотларнинг нархи ошишига ҳам сабабчи бўлади. Чунки ўша машҳур бренд ўзининг мавқеини сақлаб қолиш учун ҳам маҳсулот таннархини оширишга мажбур бўлади. Aгар маҳсулотларнинг контрафакт нусхалари қанча кам бўлса, унинг нархи шунча арзонлаб бораверади.
Тадбиркорлар ўз брендини яратиб, ўша ном остида маҳсулот ишлаб чиқарса ёки хизмат кўрсатиб, бозорга кирса, ўз-ўзидан ҳалол рақобат юзага келади.
Бугун Интеллектуал мулк агентлигининг вилоятларда марказлари томонидан контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш ва унинг савдосига чек қўйиш мақсадида жойлардаги савдо шохобчаларида, бозорларда кузатув тадбирлари олиб борилмоқда. Шу пайтгача 2000 дан зиёд контрафакт маҳсулотлари аниқланиб, уларга қарши жавобгарлик масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, доимий равишда улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳар ой янгиланиб турувчи ва контрафакт билан асл товар белгилари тўғрисида маълумот берувчи каталоглар тайёрланиб тарқатилмоқда", дейди Ҳ.Узоқов.