Париж мусулмон давлатларида Франция маҳсулотларига эълон қилинган бойкотни тўхтатишни талаб қилди
“Мусулмон давлатлари Франция маҳсулотларига эълон қилинган бойкотни зудлик билан тўхтатиши керак”, деган талаб билан мурожаат қилди Франция ташқи ишлар вазирлиги. Бу ҳақда 26 октябрь куни Lenta.ru нашри хабар берди.
Дипломатлар сўнгги кунларда бир қатор Яқин Шарқ мамлакатларида француз маҳсулотларини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқлар пайдо бўлганини таъкидлади.
“Бундай чақириқлар асоссиз ва уларни зудлик билан тўхтатиш керак. Шу жумладан, радикал камчилик ўз мақсади йўлида қўллаётган, Францияга нисбатан отилаётган тошлар ҳам асоссиз”, деб таъкидлади Франция ТИВ.
Бир муддат илгари Қатар дўконларидан француз маҳсулотлари олиб ташланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бундай бўлишига Франция президенти Эммануэль Макроннинг Париж чеккасида тарих фани ўқитувчисининг ўлдирилиши соясида ислом ҳақида берган баёноти сабаб бўлди. Россиянинг Москва шаҳрида туғилган, чечен миллатига мансуб Абдуллаҳан Анзоров ўқитувчи танасини бошидан жудо қилганидан сўнг Макрон мамлакатнинг дунёвий қадриятларини радикал исломдан ҳимоя қилишга ваъда берди. У шунингдек, ислом дин сифатида бутун дунёда инқирозга учраганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Макрон Францияда ислом сепаратизмига қарши кураш эълон қилди ва маҳаллий мусулмонлар Кенгашлари билан ҳамкорликда мамлакатда “Маърифатли ислом”ни барпо этишга замин яратадиган ташкилот тузиш зарурлиги ҳақида сўзлади. Унинг сўзларига кўра, “Франциядаги исломни хориж таъсиридан озод қилиш ва масжидларнинг молиялаштирилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини айтган.