“Бриллиант қўл” фильми ҳақида қизиқарли фактлар
1 .Фильм ҳодисаси қисман реал воқеага асосланган: фильм ғояси, сценарий муаллифи Яков Костюковский газетада Швейцария контрабандачилари қимматбаҳо тақинчоқларни гипсда олиб ўтишга ҳаракат қилишганлиги ҳақидаги хабарни ўқиганидан сўнг пайдо бўлган.
2. Бош ролга Юрий Никулин ҳеч шубҳасиз тасдиқланган (сценарий ҳам унга мослаб ёзилган). Геша ролига эса Гайдай Вицинни таклиф қилмоқчи бўлган, бироқ натижада таваккал қилиб Андрей Мироновни бу ролга таклиф қилган. Дарвоқе, фильмда Никулинлар оиласининг бошқа аъзолари ҳам иштирок этишган: рафиқаси Татьяна экскурсиячи аёл ролини ижро этган, ўғли Максим эса – “сув устида юрган” бола ролини ижро этган.
3. Тасвирга олиш жараёнида ҳар доим хавфсизлик хизмати (КГБ) капитани навбатчилик қилган, у керакли вақтда режиссёр ишини тўхтатган ва бўлган ишлар ҳақида бошқармага баёнот берган. Натижада фильм 44 марта Госкино (Давлат кино бошқармаси) томонидан ўзгартирилган.
4. Саҳна кўринишларининг бир қисми кесиб ташланган, айрим ибораларга эса қайта овоз берилган. Масалан, Нонна Мордюкова персонажи: “Биласизми, агар эртага эрингиз яширинча синагогга (яҳудийлар ибодатхонаси) бораётгани аниқланса, ҳайрон қолмайман” – деган жойини “маъшуқа”га ўзгартиришган, агар лабларга эътибор қилсак “синагог” дейилганини аниқласа бўлади.
5. Гайдай Госкино комиссиясига бошқа лавҳалар ҳам ёқмаслигини биларди, шунинг учун фильм охирига атайлаб денгиздаги ядровий портлаш саҳнасини қўшиб қўйди. Ва цензурларга портлаш саҳнасидан ташқари, хоҳлаган саҳналарини кесиб ташлаши мумкинлигини таъкидлади. Улар фильмнинг бошқа саҳналарига тегинмасликка, фақат портлаш саҳнасини кесиб ташлашга рози бўлишди. Режиссёрнинг ҳийласи иш берди.
6. Горбунковнинг ўғли Гешага музқаймоқ отган саҳнада, творогдан фойдаланилган. У яхшироқ “ёпишарди”.
Бекзод Мусурмонов таржимаси.