Британия генерали Россия ва Хитойни коронавирусга қарши вакцина тўғрисида ёлғон маълумот бераётганликда айблади
Буюк Британия қуролли кучлари мудофаа вазирлиги бош штаби раҳбари Россия ҳукуматини атайлаб коронавирусга қарши вакциналар тўғрисида ёлғон маълумот тарқатаётганини таъкидлади. Бу ҳақда 2 октябрь куни ParsToday нашри хабар берди.
“Гардиан” газетаси тақдим этган маълумотга кўра, Ник Картер Россия ва Хитой коронавирус инқирози ва вакциналардан Ғарб бирдамлигини бузиш мақсадида фойдаланаётганини таъкидлаган.
Картернинг таъкидлашича, Россия COVID-19га қарши вакцина тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатиб, дунё мамлакатларидаги барқарорликни бузишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, Россия контрразведка усулларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқлардаги коронавирусга қарши вакцина тўғрисидаги фикрларга таъсир қилишга уринмоқда ва Америка вакцинасини самарасизлиги ҳақидаги ёлғон ахборотлар тарқатмоқда.
Британия генерали Хитой ҳукуматини ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар амалга оширганликда айблади.
Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина яратилганлиги ҳақида эълон қилинганидан сўнг мамлакат президенти Владимир Путин Россия соғлиқни сақлаш тизими коронавирус тарқалишига қарши курашишга тайёр эканини ва тез орада COVID-19га қарши иккинчи вакцина тайёр бўлишини маълум қилди.
Америкалик тадқиқотчи ва олимлар АҚШ вакцинасини тайёрлаш ишлари ҳали ниҳоясига етмаганини, президент Дональд Трамп эса бу ҳақидаги эълонларни фақатгина сайловолди тадбирлари доирасида амалга ошираётганини алоҳида таъкидладилар.
Бекзод Мусурмонов тайёрлади.