Бу дунёда касал бўлиб бўлмайди

Сарлавҳани ўқиб  "бу ҳозир бир касалхонани танқид қилади ёки бирон бир дўхтирни", деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Бу сафар врач ёки касалхона ҳақида эмас, ўзимиз, ўз соғлиғимизга эътиборсизлигимиз ҳақида ёзмоқчимиз.

Бир жойимиз оғриб касалхонага борсак, навбат кутиб ўтирган чоғимиз шу жараённи телефонда суратга ёки видеога оламиз-да, ижтимоий тармоқларда тарқатамиз. Навбат катталигидан нолиймиз. Кейин врач, у ёзиб берган дорилар ҳақида ёзамиз, рецептни ҳам расмга тушириб, дори-дармонларнинг қимматлигидан нолиймиз. Лекин барибир врач қўйган ташхис асосида даволанишни бошлаймиз ва ота-боболаримиз касал нима эканлигини билмаганини, бугунга келиб биз нозиклашиб кетганимиз туфайли касалдан бошимиз чиқмаётгани ҳақида бизга осма қўяётган дўхтирга "лекция" ўқиймиз. У эса бундай гапларни ҳар куни, ҳар кимдан эшитгани учун тасдиқ маъносида бошини сарак-сарак қилиб тураверади. Даволаниш охирига етиб, бу учун анчагина маблағимиз, вақтимиз, асабимиз кетганидан жаҳлимиз чиқиб, асабимиз бузилиб яна бошқатдан касал бўлиб қолаверамиз.

Ҳа, биз шундаймиз. Ҳамма нарсани биламиз-у, аммо ўз соғлиғимиз қадрига ўзимиз етишимиз кераклигини, уни асрашни, соғлиғимизни ўзимиз онгли равишда йўқотаётганимизни билмаймиз, холос.

Келинг, узоққа бормайлик. Нос ва сигарет чекиш, спиртли ичимликлар ичиш соғлигимиз учун зарарли эканлигини яхши биламиз. Аммо, била туриб уларни истеъмол қилишдан ўзимизни тиймаймиз.

Газли ва рангли ичимликлар ҳам меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда зарарлигини, жигаримиз кушандаси эканлиги ҳақда кўп эшитамиз-у буни ҳам шунчаки гап-да, деб ичаверамиз.

Спорт билан доимий шуғулланиш соғлигимиз учун ниҳоятда катта фойда эканлигини ҳам биламиз. Лекин бу иш билан ҳам шуғулланмаймиз. Спортзалга боришга вақт йўқлигини баҳона қиламиз. Аслида, спортзалга бормай, эрталаб туриб бироз югуриш, бадантарбия қилиш, пиёда юришнинг ўзи кифоя қилади.

Бизнинг таомларимиз жудаям мазали. Бироқ ҳаддан ташқари оғир. Бу таомлар туфайли танамизни ёғ босиб, юрак ва қон-томирларимизда қон айланишида муаммолар келиб чиқиб, юрак касалини орттириб олишимизни ҳам биламиз. Бу ҳақда кўп этишамиз, бунга гувоҳ бўламиз ҳам. Афсуски, ўзимизга келганда нафсимизни тиёлмаймиз-да.

  Юртимизда ўсадиган шифобахш ўсимликлар ва қуруқ меваларнинг саломатлик учун фойдаси ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бу ҳам барчамизга яхши маълум. Лекин аксариятимиз ҳатто, бир йилда бир марта наъматак ёки туршакни қайнатиб ичиб кўрмаймиз. Исталган врачдан сўранг, кийик ўтини дамлаб ичиб туриш киши соғлиги учун жуда фойдали эканлигини ёки профилактика учун бир йилда 2-3 марта 4-5 кунлаб маккажўхори сўтасини қайнатиб ичиш саломатликка фойдалилигини таъкидлайди. Аммо айтингчи, сиз жўхори сўтасини охирги марта қачон қайнатиб ичгансиз? Ўзи, умуман бирон марта ичганмисиз? Масалан, мен бундан 15 йилча олдин овқатдан заҳарланиб жигарим шишганда дўхтирнинг тавсияси билан  ичган эдим. Ўшанда унинг соғлигим учун фойдали эканини ҳам сезганман. Ундан кейин эса...

Ҳар хил қуритилган мевалардан тайёрланган шарбат ҳам киши соғлиги учун ниҳоятда фойдали. Аммо сиз ана шундай шарбатни қачон қайнатиб ичганингизни эслай оласизми? Мен эслай олмайман. Яна бир шифобахш неъмат – оддий нонжийдани қачон еганингиз эсингиздами?

Хуллас, санаймиз десак, соғлиғимиз учун нима зарур-у нима ножоизлиги ҳақида сабаблар жуда кўп ва уларни кўпчилигимиз яхши англаймиз. Англаймиз-у унга амал қилмаслигимиз ҳам ҳақиқат.

Тирик жонмиз. Касал бўлиб жонимиз оғрийди. Касал бўлган одамлар қанча маблағ сарфлаётганини, вақтини, соғлиғини йўқотаётганини ҳам кўряпмиз. Шундай экан биз касалхонанинг аҳволини, врачларнинг муомаласини танқид қилишдан олдин ўз соғлигимиз ҳақида озгина ўйлаб кўрайлик, эътиборли бўлайлик.

Ҳозирги замонда касал бўлиш жудаям оғир. Буни касалдан боши чиқмаётган инсонлар яхши билишади. Шундай экан, энди бу дунёда касал бўлиб бўлмайди.

Ғайрат Йўлдош.