Бу шифохонада беморлар ихтиёрий даволанмайди

Мазкур шифохонадаги беморларнинг тўлиқ тузалиб кетишига кўпчилик ишонмайди. Шундай фикр шаклланган. Беморлар даволаниш учун ўз ихтиёри билан келиши ҳам камдан-кам учрайди. Бу эса даволашнинг нечоғлик мураккаблигини кўрсатиб турибди. Аммо мавжуд қарашлардан фарқли ўлароқ муассасада даволаниб ҳаётини йўлга қўйиб олганлар ҳам бор.


Ҳар замон вилоят наркология диспансерига келиб, беморларга тушлик ё бирор бир ёрдам кўрсатиб, ўзининг кимлигини билдирмай кетадиган бир инсон бор. Унинг кимлигини шу диспансерда ишловчи баъзи ходимлардан бошқа ҳеч ким билмайди.

Бир пайтлар ичкиликка муккасидан кетган бу одамни даволанишга мажбурлаб олиб келишган. Даволаниб, яна икки-уч ойдан кейин қайтиб келаверган. Шундай даволанишларнинг бирида у ўзига, ҳаётига яхшироқ назар солди. Ҳаммасига нуқта қўяман, ҳаётимни бошқатдан қураман, деган хулосага келди ва… ўз сўзида турди. Бугун бу инсон катта тадбиркор, ҳақиқатан ҳам ўзи истаганидай ҳаётни қура олди. Бир пайтлар даволанишига кўмакчи бўлган шифохонага келиб, муҳтож беморларга ёрдам беради.  Муассасада бундай тақдирлар ҳақда жуда кўп билишади.

Тушунганингиздай, суҳбатимиз инсон иродаси билан боғлиқ касаллик деб ҳисоблайдиганимиз наркологик хасталиклар ҳақида. Суҳбатдошимиз – Республика ихтисослашган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд минтақавий филиали директори Наргиза Кенжаева бутурдаги хасталиклар, беморлар билан ишлаш, умуман, биз билмаган  жиҳатлар ҳақда сўзлаб берди.

- Ҳатто соҳадан узоқ одам ҳам наркология деса, бир сесканадиган, мураккаб деб ҳисоблайдиган бу соҳа ишлаш осон бўлмаса керак...

- Нарколог врач сифатида иш бошлаганимда ҳам энг оғир ҳудуд саналган жойда ишлаганман. Яъни, ўша ҳудудда мен ишлаган йиллар ичкиликка, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган инсонлар жуда кўп эди. Уларни даволаш, профилактика ишларини олиб боришимга тўғри келган. Касбимни яхши кўрганим учун, қийинчиликлар билинмаган. Ушбу даргоҳда бош шифокор сифатида фаолият юрита бошлаганимда ҳам қўрқув бўлмаган. Аксинча, соҳани янада яхшилаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўйлаганман.

Биринчи навбатда, имкон борича, беморларга шарт-шароитларни яхшилашга ҳаракат қилганмиз. Бу ерда турли тоифадаги беморлар бор. Айниқса, мажбурий даволанаётганлар орасида тиббиёт ходимларини қўрқитиш йўли билан ўзига қаратиш, жавоб беришга ундаш ҳолатлари учрайди. Бу эса ҳар бир ходимни ҳар қадамда ҳушёр бўлишга ундайди

Марказимиз икки бўлимдан иборат бўлиб, амбулатор бўлим Суғдиёна масканида жойлашган. Унда наркологик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатилади, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатлари аниқланади, муолажалар ўтказилади.

Иккинчи бўлим Фарҳод шаҳарчасидаги Ширин маҳалласида жойлашган 240 ўринга мўлжалланган шифохона бўлиб, унинг 100 ўрни беморларни мажбурий даволаш учун мўлжалланган. Шунингдек, ихтиёрий даволанувчилар учун бўлим, қолаверса, мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти ҳам мавжуд.

Бунда мастлик ҳолати билан тушган шахслар 3 соатдан 12 соатгача вақт мобайнида ҳушёр ҳолатга келтирилади, кейин розилигига қараб даволанади.

- Наркологик моддаларга ружу қўйганлар сони ошяптими камайяптими?

-  Бундан бир неча йиллар аввал наркологик касалликка чалинганлар сони 10 минг нафарни ташкил қилган бўлса, айни пайтда ушбу касаллик бўйича рўйхатдан ўтганлар 5 минг нафар.

Умуман, наркологик касалликлар умумий тушунча ҳисобланади. Асосий беморлар сурункали алкоголизм ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар ҳисобланади.

Ўтган асрнинг ўрталарида кишилар англамасдан турли психофаол дори воситаларини касалликларни даволаш мақсадида истеьмол қилган. Енгиллик ҳис қилиш мақсадида ушбу психофаол моддаларни сурункали равишда қабул қилиш оқибатида, гиёҳвандлик касаллиги ривожланган. Психофаол моддаларга эҳтиёжнинг ошиши ўз ўрнида ноқонуний наркобизнеснинг ривожланишига олиб келган. Ғараз мақсадларда катта миқдордаги пул топган шахслар, гиёҳванд воситаларининг синтетик турларини ишлаб чиқарган. Синтетик гиёҳвандлик воситаларининг айрим турлари, бир ёки икки марта истеъмол қилиниши заҳоти қарамликка олиб келиб, ўта оғир асоратлар билан кечади.
- Нега одам спиртли ичимликка боғланиб қолади? Ёки гиёҳванд моддаларга?

 - Бундай боғлиқликнинг омиллари кўп. Булар биологик, психологик ва ижтимоий омиллар саналади. Фарзандлар тарбияси ҳам муҳим. Боланинг кун тартибини қатъий белгилаш унинг мустақил ривожланишига халақит беради. Ёки тескари, умуман болага вақт ажратмаслик унинг аҳамиятсиз эканлигига олиб келиши мумкин. Иккала вазиятда ҳам ўсмирлар ўзига бошқа йўллар қидириб, турли гуруҳларга қўшилиши ва психофаол моддаларни истеьмол қилишга ўтиб кетиши кузатилади.

Ота-оналар ўсмирларнинг юриш туришидаги ўзгаришлар, кийиниши ва кийимларидаги доғлар, чўнтакларида таблетка ва шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши, терида иньекция излари ва ўзини ноодатий тутиши каби белгиларга жуда аҳмиятли бўлишлари лозим.

Бундай ҳолатлар кузатилса албатта нарколог маслаҳатига олиб бориш лозим. Халқимизда наркология муассасаларига мурожаат қилишда тортиниш ҳолатлари кузатилади. Бу нотўғри тушунча. Ҳеч қандай шубҳаларсиз нарколог маслаҳатига бориш керак. Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунда беморларнинг ҳар томонлама даҳлсизлигини таъминлаш қатьий белилаб қўйилган. Яъни беморларнинг шахсий маълумотлари, оилавий аҳволи ва касаллиги тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.

- Кейинги пайтларда аптекаларда сотиладиган дориларга қарамлик ҳолатлари ҳам учраётгани хавотирли. Бунинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Гиёҳвандликка қарши курашиш учун давлат дастурлари тузилган. Унга кўра мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши кескин камайди. Ноқонуний фаолият билан шуғулланувчилар қатъий жазоланмоқда.

Шунга қарамасдан, қўшни Афғонистондаги вазият ва юртимиз орқали гиёҳванд моддаларнинг бошқа давлатларга ўтказиш, фуқароларнинг касалликка чалиниш ҳолатлари кузатиляпти. Бундан ташқари ҳозирги кунда турли, айрим неврологик касалликларда ишлатиладиган дори воситаларини нотиббий йўл билан истеъмол қилиниши натижасида заҳарвандлик касалликлари кузатиляпти.

Буларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсирга эга моддалар айланишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига кўра прегебалин, тропикамид каби кимёвий жиҳатдан кучли таъсирга эга 78 хилдаги дори воситалари ва кимёвий моддалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ноқонуний айланиши ҳамда нотиббий мақсадларда истеъмоли таъқиқланган.

  Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.