Бу йил кириш имтиҳонларида абитуриентлар учун қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Абитуриентларга давлат грантида ўқиш бўйича қўшимча имконият берилади
Қарорга кўра, 2021-2022 ўқув йили қабулида абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Шу ўқув йилидан бошлаб aбитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танлаган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади.
Бунинг учун абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида танлов учун устуворлик сифатида “давлат гранти” ёки “давлат гранти ва тўлов-контракт”дан бирини танлаш имконияти яратилади.
Бунда абитуриент устуворлик сифатида давлат грантини танласа - дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида;
давлат гранти ва тўлов-контрактни танласа - олдинги йиллардаги каби давлат гранти ва тўлов-контракт асосида танлаган таълим йўналишлари бўйича кетма-кет танловда иштирок этади.

Магистратурага ўқишга кириш икки босқичда амалга оширилади
Яна бир янгилик. 2021-2022 ўқув йили қабулида давлат олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда давлат олий таълим муассасаси томонидан танланган мутахассисликка мос фанлар бўйича кириш имтиҳонлари, иккинчи босқичда Давлат тест маркази томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилади. Чет тили бўйича тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар иккинчи босқичда тест синовини топширишдан озод қилинади ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл берилади.

Магистратура мутахассислигига мос фанлар бўйича имтиҳонлар натижалари имтиҳон ўтказилганидан кейин уч кун муддатда давлат олий таълим муассасаси томонидан идоралараро электрон ахборот алмашинув тизими орқали Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда мазкур муассасанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Aбитуриентнинг чет тили бўйича тест синовидан тўплаган баллари тўғрисида маълумот тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига ҳамда магистратура қабули бўйича танлов натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Aлоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига киришда мажбурий учта фандан тест синовлари ўтказилади
2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта: она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика, Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Имтиёзга эга абитуриентлар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади
Ҳозирга қадар Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, “Тарбиячи” кўрик-танлови ғолиблари, “Ҳамшира” республика танлови ғолиблари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари, Халқаро олимпиадалар ғолиблари имтиҳонларсиз умумий қабул параметрлари доирасида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинар эди.

2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Самариддин Суюнов,
ДТМ Самарқанд вилояти
етакчи мутахассиси