Бу йил ота-оналар фарзандлари учун мактаб форма ва ўқув қуроллари олиши керакми?

Давлат умумтаълим мактаблари фаолияти қачон тикланади? Форма ва ўқув қуролларини олиш керакми? Ушбу саволга Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова жавоб берди.

"Бугун аксарият ота-оналардан давлат мактабларида қачон янги ўқув йили бошланиши ҳамда ўқувчилар учун ўқув қуроллари ҳамда мактаб формасини харид қилиш юзасидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ушбу саволга жавобан қуйидагиларни маълум қилади:

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йилнинг 20 августидан бошлаб буюм бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолиятига рухсат берилди.

Албатта ўқув йили қачон бошланишидан қатъий назар ўқувчилар учун ўқув қуроллари керак бўлади.

Ота-оналаримиздан, бозор ва дўконлар очилгани билан, санитария қоидалари ва ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса, фарзандлари соғлигига алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз. Ҳозир ҳамма баравар бозорга борса ижтимоий масофа сақлаш қийин бўлади, шунинг учун жуда шошилиш, барча харидларни мактабгача амалга ошириш шарт эмас. Ўқув қуроллари ва кийим-кечакларни мактаб бошланганидан кейин ҳам олиб бериш мумкин, энг асосийси, ўзингиз ва фарзандларингизнинг саломатлигини асраш!

Айни дамда ўқув йилини бошлаш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга таклиф киритиш бўйича топшириқ берилган. Давлат умумтаълим мактаблари бўйича Республика Махсус комиссиясининг қарори яқин кунларда эълон қилинади", дейилади ахборотда.