Бу йил ёғин кам: Жарқудуқда 21 минг бош қўйни қандай боқишяпти?
Нуробод қўйлари ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг кўз ўнгида ҳокимлик ҳовлисида юрган отарлар гавдаланиши мумкин. Аммо сиз тасвирда кўриб турган мана бу қўй-қўзиларнинг уларга алоқаси йўқ. Сабаби бу отар туманнинг олис Жарқудуқ маҳалласида жойлашган “Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли. Бу йил баҳорда ёғингарчилик кам бўлгани сабабли яйловларнинг аҳволи яхшимас, шундай бўлса-да хўжаликнинг фидойи чўпонлари бор имкониятдан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилади. Улар қўйларни туман марказига эмас, балки яшиллиги яхшироқ тоғ этакларига ҳайдайди.
Тасарруфимизда 40 минг гектардан зиёд яйлов бор, - дейди жамият раҳбари Тўлқин Раҳимов. – Бу ҳудуд мавжуд 65 та отаримизнинг 21 минг бош қўй-эчкиларини боқиш учун етарли. Тажрибали чўпонларимизнинг саъй-ҳаракати билан олдимизга қўйилган режани муваффақиятли бажариб келяпмиз.
Ўтган қиш совуқ келиши чорвадорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирди. Аммо мазкур хўжалик чўпонлар саъй-ҳаракати билан қўй-эчкилар беталофат кўкламга етиб келди.
- Аввало куз-қиш мавсумига яхши ҳозирлик кўрилгани учун аномал совуқ қўй-қўзиларимизга зарар етказмади, - дейди Т.Раҳимов. – Мавсумга тайёргарлик жараёнида мавжуд 65 та қўтон таъмирдан чиқарилиши, омухта ем ва дағал ҳашакларнинг етарлича ғамлаб қўйилгани ва тўғри тақсимланиши ҳам қўл келди. Бунда Жўрабек Отамуродов, Умид Тошев, Бунёд Ражабов, Дилмурод Элмуродов каби тажрибали чўпонларимизнинг ҳиссаси катта.
Бу фидойи чўпонлар ҳар 100 қўйдан 110 бошгача қўзи оляпти, уларнинг 75 фоизини ўстиришга қўймоқда. Хўжалик аъзолари асосий эътиборни наслчиликни ривожлантиришга қаратган.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.