Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коллеж ва техникумларга абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан 2023-2024 ўқув йилида вилоятимиздаги 12 та коллеж ва 21 та техникумга кундузги, кечки, сиртқи ва дуал таълим шакллари бўйича 11265 та қабул квотаси тасдиқланди.

Республика Президентининг 2023 йил 20 июндаги қарорига асосан 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Сўзангарон тиббиёт коллежи - Сўзангарон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига, Пайариқ тиббиёт коллежи - Пайариқ Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига айлантирилди.

Янги ўқув йилидан 12 та коллежда, яъни Самарқанд қурилиш коллежи, Каттақўрғон шаҳар, Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон, Нуробод, Оқдарё, Паст Дарғом, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут, Қўшработ педагогика коллежларида 3 та касб ва мутахассислик бўйича 720 та ўринга дуал таълим шакли бўйича қабул параметрлари тасдиқланди. Шунингдек, Самарқанд темир йўл техникуми, Самарқанд ветеринария медицинаси техникуми, Самарқанд архитектура-қурилиш техникуми, Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми, Жомбой агротехнологиялар техникумларига 23 та касб ва мутахассислик бўйича 505 нафар талаба дуал таълим шаклига қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 715-сон қарори талабларига мувофиқ коллеж ва техникумларга қабул жараёнлари ҳар йили 10 августдан 10 сентябрь кунига қадар амалга оширилиши белгиланган.

Шу муносабат билан 2023 йил 10 август кунидан бошлаб коллеж ва техникумларга вазирликнинг http://my.edu.uz/ платформаси орқали абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.

Отажон НОРОВ,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

вилоят ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси.