Бугун 620 минг нафардан ортиқ ўқувчи 1-синфга қадам қўяди
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни мамлакатда фаолият юритаётган 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили бошланади. Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.
Бугун, 4 сентябрь куни республиканинг барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” тадбирлари бўлиб ўтади. Барча умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилади.
Мазкур дарсларни таълим муассасаларида юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан услубий тавсия, дарс ишланмаси ва слайд-тақдимоти тайёрланиб, юртимиздаги барча таълим муассасаларига етказилди.
2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп эканлигидан далолат беради. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўяди.
Ўқув йилининг биринчи кунида 1-синфга чиққан барча ўқувчиларга “Президент совғаси” топширилади. Жорий ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди.
1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган.
Жумладан, ёруғлик қайтаргич элементлари бўлган портфел, 2 хил чизиқдаги 12 дона дафтар, қаламдон, расм дафтари, рангли қоғоз, шарикли ручка, акварел бўёқлари, рангли қаламлар жамланмаси, елим, оддий қаламлар ва ўчирғич янги ўқув йилининг илк куни “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига топширилади.