Бугун ҳамма йўллар Сирдарёга олиб боради
1 май куни Сардоба сув омборида юзага келган талофат ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун бугун бутун мамлакатимиз оёққа турган.
Жумладан, самарқандликлар ҳам Сирдарё вилояти аҳолисига ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Кеча вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус бригадаги биринчилар қаторида воқеа жойига етиб бориб, офатни бартараф этишга киришди. Кечга яқин эса озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон ва уй-рўзғор буюмлари юкланган автокарвон сирдарёликлар томон йўл олди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун ўтказилган сессиясида сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти аҳолисига вилоят бюджетининг даромадлар қисмидан 5 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.
Бундан ташқари, бугун эрта тонгдан вилоятимиздан барча туман ва шаҳарларидаги “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати марказлари томонидан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур воситалар юкланган 30 дан ортиқ автомашина Жомбой туманида тўпланиб, катта автокарвон Сирдарёга жўнади.
Ушбу автокарвон орқали қўшни вилоятга 27,6 тонна ун, 27 тонна картошка, 17,5 тонна пиёз, 16,7 тонна ўсимлик мойи, 12,1 тонна сабзи, 11,8 тонна гуруч, 4,4 тонна макарон, 24 минг дона тухум, 320 кг. гўшт, 3,8 тонна сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, 3080 жуфт оёқ-кийим, 5816 дона кийим-бош, 9281 дона кўрпа-тўшак, 1688 дона идиш-товоқ, 6600 дона гигиеник ва 200 турдаги дори-дармон воситалари юборилди.
Ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириши учун 2 та катта қайиқ, 20 дона ҳарбий дала палаткалари, 4 та эксковатор, 2 та автокран ва 3 тада бульдозор, 81 юк автомашиналарида пойдевор блоклари, тоғ тоши, шағал, бетон, жўнатилди.
Ғолиб Ҳасанов.