Бугун журналист ва блогерларнинг жамиятдаги ўрни қандай?

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан вилоятимизда ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Унда бошқарма ва идоралар, жамоат вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, блогер, мустақил ижодкор ва соҳа фахрийлари иштирок этди.
Қанча ташкилотда касб байрами нишонланади?
Вилоятда тўлиқ циклда ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 7 та, ўртача қувватли 26 та, таклифнома, визитка ва реклама маҳсулотларини чоп этишга мўлжалланган 43 та, муҳр ва тамға тайёрлашга мўлжалланган 14 та, жами 90 та матбаа корхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, 39 та босма оммавий ахборот воситаси - 34 та газета, 5 та журнал фаолият олиб бормоқда. 5 та нашр электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган: “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд”, “Самарқанд”, “Каттақўрғон ҳақиқати” газеталари, www.martaba.uz ва www.samsity.uz веб-сайтлари ахборот ресурси сифатида рўйхатга олинган.
Вилоятда 50 нафардан ортиқ фаол блогер, мессенжер каналлари ва ижтимоий тармоқларда саҳифа юритувчилар мавжуд. Улар юритаётган ресурслардаги умумий аудитория 1 миллиондан кўпроқ.
Қайд этилишича, таҳририятларда меҳнат қилаётган 200 нафарга яқин ходимнинг 10 нафари депутат. Шу кунгача 8 нафар журналист “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган, “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 12 марта мукофотланган.
Албатта, ўзининг ижодий ишлари, турли мавзулардаги чиқишлари билан бошқарув органлари фаолиятида очилиқни таъминлаш, одамларнинг ҳуқуқий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишда фаоллик кўрсатаётганларга вилоят ҳокимлиги доимий эҳтиром кўрсатиб келмоқда.
Ижодкорлар қуруқ қўл билан қайтмади
Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган асосий байрам тадбирлари Самарқанд шаҳридаги “Боғишамол гарден” мажмуасида бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов соҳа ходимларини байрам муносабати билан қутлади.
- Бугунги ислоҳотлар сиз, Сизнинг тимсолингизда кенг жамоатчилик билан ҳисоблашиш, уларнинг фикри доимий ўрганиб бориш талабини қўймоқда, - деди ўз табрик сўзида Э.Турдимов. – Шу жиҳатдан, ҳар тонг иш кунимни вилоятдаги барча нашрларни ўқиб чиқишдан бошлайман. Бўш вақт топдим дегунча, телекўрсатувлар ва интернетдаги вилоят ҳаётига оид ахборот тарқатувчи сайтлар ва ижтимоий тармоқларни кўриб, кузатиб бораман.
Айни дамда бир маълумотни айтиб ўтмоқчиман. Самарқанд журналистика мактаби салоҳияти нафақат вилоятимизда, балки республикамизда эътироф этилади. Шу боис, Сиз, азизлар билан елкадош бўлиб меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.
Тадбирда 27 нафар матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ва Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танловининг 9 нафар ғолибини тақдирланди.
Байрам тадбирида фахрийлар ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугун қарилик гаштини сураётган 12 нафар кекса ёшдаги ҳамкасбларимизга фахрий ёрлиқ ва байрам совғалари берилди.
Тошкентда ижод қилаётган таниқли санъаткорлар ва вилоятимиз ижодкорларининг чиқишлари йиғилганларга хушкайфият бағишлади.