Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кун: Газет надур?
Атоқли адиб, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири, драматург ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган.
1919 йил баҳорда Шаҳрисабзда Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олиниб, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади.
Қуйида Беҳбудийнинг 1907 йил 11 ноябрда "Тужжор" газетасида чоп этилган “Газет надур?” мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
Туркистон, Бухоро, Хивада газет нима эканлигини ҳануз мингдан бир киши билмайдур. Агарда мингдан биргина билса эди, ўн уч милён Туркистон ва Бухоро ва хивалик қариндошларимиздан "Туркистон" ва "Тужжор" газеталарини бир минг уч юз нафардан, албатта, муштарийси бўлур эди. Ҳолбуки, бу уч мамлакати азима аҳлидан ик(к)и газетни мазкур ададга баробар муштарийси бўлмаса керак. ("Туркистон…" газетини ҳукумат амри-ла олатурғон қози ва волос(т)нойлар бу ҳисобдан хориждирлар). Они учун газет нимадур ва на фойда этар ва қачон чиқди ва илмлик мамлакатларга газет аҳволи ва адади на тариқ эканлиги тўғрисинда бир оз ёзмоқни лозим билдим.
Ҳозиран 195 сана муқаддам замонларға Рум подшоҳлари кераклик амр ва фармойишларини қоғозга ёзиб, умумий халққа билдирмоқ учун тарқатиб ва кўрунур жойларға осиб халқ маълумотини кўпайтурмоқиға сабаб бўлурлар эди. Ҳозирдан 1560 сана муқаддам яна фаранг ҳукуматлари орасиға ҳар бир янги иш ва кераклик қоғозларни газет исмлик икки тийинлик ақча бадалиға сотила эканки, унинг-чун "газет" аталибдур. 1615 санайи милодиягача газетлар "дастнавис" ва ғайри мунтазам чиқар экан. Сўнгра босма бўлиб чиқа бошлабдур. Бора-бора барча илм ва хабарлик мамлакат ва ҳукуматлар халқ орасиға жаридаи мўътабар бўлиб, диний, фанний, сиёсий, санойи, ижтимоий, ихтироий ва ҳар гуна баҳсларни ёзмоқға бошлаб ҳозирғи даражасиға келтурдилар. Сўнгралари аҳли исломни мутараққий ва мутамаддин мамлакат ва ҳукуматлар халқи орасиға жорий бўлдики, бу кун Миср, Истанбул, Ҳижоз, Қуддус мамлакатларига ҳар хил газетлардан юздан зиёда чиқар ҳинд ва ибронга ҳам кўпая бошлабди. Миср, Истанбул, Қуддуси шариф мамлакатлариға туркий, арабий ва форсий газетлар хейли тараққий топиб, уламойи амиро ва удабо кўб ривод бериб, дин ва миллат нафликиға иқрор қилғондурларки, олами исломға газетларни еткурган нафини бошқа вақт ёзармиз.
Ҳар кун ва ё ҳафтада бир неча мартаба чиқатурғон варақа ахборини газет, газета ва олами ислом орасида жаридаи ум аталадур. Ҳафтада ва ойинда бир неча мартаба чиқатурғон ва китобча шаклинда ибратнамо панд ва хабарнома рисолаларни, журнал ва олами ислом аро мажалла аталадур. Жарида ва мажаллалардан баъзиси ажойиб ва ғаройиб тасвирот ва плонлик бўладур.
Русия мамлакатида 1753 санайи милодияга бир неча мартаба газет чиқа бошлаб ва ал-он ҳар нав жарида мажаллаларни адади бир мингга етиб, балки, ортадур. Русия мусулмонларидан бошлаб чиққан жаридайи муҳтарам "Таржумон"дурки, жаноб Исмоилбек афандини саъй ва ғайрати илан бу кун йигирма беш ёшидур. Русияда ҳуррияти матбуот жорий бўлгани учун 1905 санасиндан бошлаб Русия мусулмонлари ғайрати ила 30 дан зиёда жарида ва мажаллалар Русия олами исломияга тулуъ қилиб, аммо ўқуғувчи ва олғувчининг озлиги учун бугунги ўн қадаридан бошқаси чиқмади. Баъзиси доим фуқаро наф ва ҳукумат зарариға ёзиб тургани учун ҳукумат тарафидан ёптурилди. Ва ҳозирғи ўн қадар жарида ва мажаллайи исломиялар ҳам муштарийсизликдин ва халқимизни ўқумоқ ва билмоқға ҳавас қилмағанидан, тўғриси, халқимизни нодон ва бехабарлигидан мусулмоний жаридаларимиз жон узуб турмоқда ва анқарийб яна баъзиси чиқмай қолиб дунёдаги илм ва хабарлик мусулмон қариндошимиздан ва ажнабий дўст-душманларимиздан бизларға айб ва афсус ёғдурадур…
Ҳафта, йиллик бир жарида ва мажаллани чиқмоқиға йилинда тўрт-беш минг сўм керакки, бу ақча муштарийлардан жамланур. Они учун газет ўқувчиларни кўб ва озлиғи жаридаларни кўб ва озлигиға сабаб бўлур. Ва ҳар тоифа ва дин аҳлини донишманди ва динга замона хизмат қилғучиси қанча кўб бўлса, жаридасида шунча кўпаядурки, бу даъво аҳли илм ва хабар қошинда собит ва маълумдир. Русия мусулмонлари ичидин баъзи донишмандлар кўб ва қаттиқчиликни зиммалариға олиб бир неча жарида ва мажаллаларни зўрға чиқариб турубдурлар. Ва баъзи саховатлик бойларимиз, зарбға қарамасдан, жарида ва мажалла чиқариб турубдурки, у жумладан, бокулик жаноб Ҳожи Зайнулобидин Тақиев, ўренбурглик Муҳаммад Зокир ва Муҳаммад Шокир Ромиеэв ва тошкандлик Саидкаримбой Саидазимбой ўғли жаноблари ва бошқалардур…
Жаридаларға дунёдаги барча янги ва эски хабар ва ишлар давлатлар орасидағи робитайи ихтилоф ва низо ва ҳар бир давлатни қуввати молия ва ҳарбия ва сиёсияси ва ҳукуматни ҳар кунги янги закун ва приказ ва тартибномалари ҳар бир халқни ва дин аҳлини тараққий ё таназзули ва сабаби ва ҳукумат ўз фуқароси тўғрисиға қилиб турган яхши ва ёмон тадбир ва ҳокимдорлиғи ва муддаоси ҳар бир мамлакатни тижорат, саноат, зироат тўғрисиндаги хабар ва мулоҳазалар улома, ҳукамо ва удабо тарафидан халққа тейишли насиҳатлар ҳукмрон ва ҳар хил маъмур ва мансабдорларни адли ё живар ва зулми ва фуқароларни бул тўғрисидаги арз ва доди хулосайи дунёға неки керакдур ва тирикчиликға лозим бўладур жарида ва мажаллаларға ёзилиб турар, халққа дафъи зарар ва жалби манфаат учун йўл кўрсатиб турар… Ҳар фирқани ўз дин ва миллатиға қилатурғон хизмат ва миллатпарастлик ўшал фирқани газети ила маълум ўлур, ҳар тоифани жаридалари ўшал тоифани миқёс ва мезонидур. Воизи умумияси ва носиҳи муассирийдур. Шўйлаки жарида ойинаи жаҳаннамодур. Газет ўқийдурғон киши дунёдаги барча хабар ва ҳодисаларни ва ҳар тоифани тараққий ва таназзули ва уни сабаб ва иллатини, ўз дин ва миллатиға қаю тоифа дўст, қаю тоифа душманлиғини билур. Ҳаёти ижтимоиясига на лозимдур билур. Жарида ва мажаллаларни ўқуй берса, тирикчиликға ва ҳозирғи замонаға на керакдур, барчасиға илм ва фикр ҳосил этар. Мувофиқи замон саъй ва тадбирға кирар… жарида ва мажаллалар диний, фанний, сиёсий, адабий, латойиф, мазхакий, иқтисодоий, ҳарбий ва олий охир қисмлариға бўлунур ва баъзилари мусаввирга ҳар хил одам ва ҳайвонот ва ошжор ва ажойибот дунёни сурат ва плонларини кўрсатур. Ҳар тоифани илм ва саъй ва ҳаракати жарида ва мажаллаларнинг адади ва алардин истифода қилинатурган панд ва илм ва маъноси ила билинур. Биз бу маҳалда дунёдаги аҳли илм ва хабар давлат ва халқни жаридалари ададидан намуна кўрсатиб ушбу мақоламизни тамом қилармиз.
Ва ҳар ким ўзи, биз, мусулмонларни илм ва хабар тўғрисинда қанча кейин эканлигимизни ўзи фикр қилиб билса керак ва ушбу тубандаги ҳисоб ва рақамлар далойили муқнаадур. "Тужжор"ни бошқа бир нусхасига биз ер юзидаги мутараққий халқларни мактаб ва мадраса ва илмларидин баён қилармиз. Тубанда ёзилган давлатларни Америка, Австралия ва Африқа қитъаларидаги тобелари зилдаги ҳисобдан хориждур.
Самарқандий муфти Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа хатиб ўғли.
(Сирожиддин Аҳмаднинг "Маҳмудхўжа Беҳбудий" китобидан олинди.)