Бугун туғилган кун: Ҳожи Муин
Шоир, публицист ва маърифатпарвар Ҳожи Муин Шукрулло ўғли 1883 йил 19 мартда Самарқанд шаҳрида туғилган.
1901 йилда мактаб очиб, болаларни ўқитган. Аввал эски усулда, 1903-1916 йилларда янги усулда муаллимлик қилган. Илғор жадид муаллими сифатида танилган.
1908 йилда «Раҳнамои савод» алифбе дарслигини ёзган. 1913-1915 йилларда «Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журналида ишлаган.
Бир йил Россияда бўлиб. Самарқандга қайтгач, «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар ўқи», «Меҳнаткашлар товуши», «Зарафшон», «Овози тожик» газеталари, «Таёқ», «Машраб», «Мушфиқий» журналларида ишлаган. 1918 йилдан 1921 йилгача “Меҳнаткашлар товуши” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасига муҳаррирлик қилган.
1929 йилнинг 29 сентябридан 3 йил Сибирда сургунда бўлган. Сургундан қайтгач, Ўзбекистон давлат нашриётининг тожик бўлимида адабий ходим, «Қизил Юлдуз» газетаси мухбири бўлиб ишлаган.
Ҳожи Муин Наҳиф (Ожиз), Меҳрий тахаллуслари билан шеърлар ёзган. «Гуддастаи адабиёт», «Янги адабиёт» шеърий тўпламларини чоп эттирган. «Эски мактаб - янги мактаб», «Кўкнори», «Мазлума хотин» пьесаларини ёзиб, уларни алоҳида китоб ҳолида чоп эттирган.
1938 йил 24 январда ноҳақ ҳибсга олиниб, НКВД қошидаги учлик ҳукми билан 10 йилга қамалган. Ҳукмни ўташ чоғида 1942 йил 27 июлда Россиянинг Перм области Соликамск шаҳрида ҳалок бўлган.
НИМА ЭДИК, НИМА БЎЛДИК, НИМА ҚИЛАЙЛИК?
«Нима эдик, нима бўлдик?» сўроғи
Эсимизга келади ҳар чоғи.
«Нима қилмоқ керак эди?» дерлар,
Биздаги камбағал ишчи-эрлар.
Илгари бизларга матлаб бор эди,
Янги мактаб, эски мактаб бор эди.
Чиқар эди бир-икки рўзнома,
Ўқир эди уни хосу омма.
Ёшларда дард ила ғайрат бор эди,
Халқда озгина ҳиммат бор эди.
Нима бўлди - ишимиз ўзгарди,
Соғлиғи кетдию қолди дарди.
Яъни, на мактабу пактаб қолди,
Эски ва янгилари тарқадди.
Янги мактабда мушук ўйнайдир,
Эски мактабда қучук ухлайдир.
Болалар кўчада ҳайрон-сарсон,
Оналар уйчада нолон-гирён.
Оталарнинг иши нон топмоқдир,
Нон учун салла-чопон сотмоқдир.
Элимизда ғами мактаб йўқолди,
Лоақал мактаб учун гап йўқолди.
Газета бўлса-да бизнинг элда,
Чиқодир бир карра ойда, йилда.
Ёшлар бунда туташ овладилар,
Қарилар бунда ош овладилар.
Халқимизнинг бор-йўғи тўйға,
Сарф ўлур, бир пули қолмас уйға.
Тўғриси, бойлара ҳиммат йўқдир,
Хайру эҳсон ва ҳамият йўқдур.
Қолмади синфи тараққийпарвар,
Барчаси бўлди гирифтору зар.
Баъзиси соч ва соқол фикридадир,
Кечаси моҳижамол фикридадир.
Бу орада фақат ишчи-деҳқон
Қолди нодонлиқ ила саргардон.
Ўқумай мулла бўлурми ишчи?
Ўқумай ҳақни билурми ишчи?
Ёвимиз бор оти «мустамлакачи»,
Юзи оппоқ кўринур, қора ичи.
Ушбу ёв бирла қураш лозимдур,
Балки они кувлаш лозимдур.
Яна бир ёв бор - оти нодонлиқ,
Қиладир биза ҳамон хоқонлиқ.
Бунга қарши уруш очмоқ лозим,
Тезрак они йўқотмоқ лозим.
Буни йўқ этмак учун илм керак,
Ҳолбуки, бизда билимдир сийрак.
Илм учун мактаб очиш лозимдур,
Эру хотинга ўқиш лозимдур.
Илмсиз ҳур яшамоқ мумкин эмас,
Ўқуғон элга чатоқ мумкин эмас.
Сўзламоқ чоғи ўтиб иш битди,
Иш билан бирга совуқ қиш битди.
Энди ким ишламаса ўлғусидир,
Яъни, армони гули сўлғусидир.
«Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 1 декабрь.