Бугун туғилган кун: Тоҳир Норқулов
Моҳир ва тажрибали фотосуратчи Тоҳир Норқулов 1946 йил 6 августда Нарпай туманида туғилган.
55 йилдан буён қўлидан фотоаппарат тушмайди. Гарчи бугун 75 ёшни қаршилаган бўлса-да ҳамон севган касби билан шуғулланишдан эринмайди.
Тоҳир ака ярим аср мобайнида Самарқанд ва пойтахтимиздаги қатор таҳририятлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Ўнлаб газета саҳифаларида у киши фотолавҳа тайёрлаб ёритмаган соҳа, ташкилот қолмади ҳисоб. Шу вақт ичида Тоҳир ака туширган суратлар бир-иккита музейни обод қилади.
Ўзининг 75 ёшини қаршилаган устоз журналистга саломатлик, ижодий баркамоллик тилаймиз. Қуйида Тоҳир аканинг "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалидан олган фотолавҳаларидан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Дарвоқе, Тоҳир Норқулов ушбу халқаро фестивалга келган дунё санъаткорларини фототасмага туширган энг моҳир фотомухбир саналади.