Бугун - Халқаро дўстлик куни

Кейинги йилларда юртимизда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат давом эттирилмоқда. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари, узоқ муддатли ва кўп қиррали шериклик янада кучайтирилмоқда. Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг тенг ҳуқуқлилик асосида, эмин-эркин яшаши кафолатланган.

Вилоятимизда ҳам барча дин ва миллат вакиллари ўз анъаналарини давом эттириши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шароит яратилган. Бугунги кунда Самарқандда яҳудий, арман, озарбайжон, араб, турк, рус, тожик, татар-бошқирд, поляк, немис, корейс миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг 1 тасида тожик, 28 тасида ўзбек-тожик, 85 тасида ўзбек-рус, 4 тасида ўзбек-рус-тожик тилларида дарс машғулотлари олиб борилмоқда. Самарқанд шаҳридаги 51-умумий ўрта таълим мактаби немис тилига ихтисослашган.

Статистика бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатида, вилоятимиз аҳолиси 3 миллион 892 минг 555 нафарни ташкил этса, шундан 3 миллион 422 минг 332 нафари ўзбеклар, 48 минг 861 нафари руслар, 293 минг 45 нафари тожиклар, 8 минг 366 нафари украинлар, 6 минг 886 нафари татарлар, 6 минг 91 нафари корейслар, 4 минг 949 нафари озарбайжонлар, 5 минг 113 нафари қозоқлар, 3 минг 433 нафари беларуслар, 1606 нафари туркманлар, 1047 нафари қорақалпоқлар, 344 нафари қирғизлар, 180 нафари яҳудийлар, 166 нафари арманлар, 153 нафари немислар ва 89 минг 983 нафари бошқа миллат вакилларидир.

Ушбу сана ва Қурбон ҳайити муносабати билан айрим миллий маданий марказ раҳбарларининг табрикларини чоп этмоқдамиз.

Халқимиз азалдан ардоқлаган дўстлик тинчликни таъминловчи, эртанги кунимиз порлоқ бўлишига хизмат қилувчи ришта. Мамлакатимизда бу риштани янада мустаҳкамлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.

Халқаро дўстлик куни ва Қурбон ҳайити билан барча ватандошларимизни самимий табриклайман! Аллоҳ барча дуоларимизни қабул қилсин, дастурхонимиз тўкин бўлсин, хонадонларимиздан файз-у барака аримасин. Ҳар доим меҳрибон ва раҳмдил бўлиб юрайлик!

Рандир Юсупов,

Самарқанд вилояти турк миллий маданий маркази раиси.

Азиз юртдошлар!

Барчангизни ушбу икки сана билан самимий қутлаб, Аллоҳнинг даргоҳидан ҳар бир хонадонга тинчлик, соғлиқ, файз-у барака, бахт-у саодат ва обод турмуш тилайман!

Биз бир-биримизга меҳрибон бўлайлик ва Қурбон ҳайити байрамини яқинларимиз билан оила даврасида ўтказайлик.

Акбар Маҳмудов,

Самарқанд вилоят тожик ва тожикзабонлар миллий маданий маркази раиси.