Бугунги аномал совуқ кунлар, гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучлиси эмас
Ўзбекистон гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, метеорологик кузатувлар тарихида мамлакатимизда бундан-да совуқ қишлар бўлган. Жумладан, 1968-1969 йилларнинг қиши энг совуқ келган. Ушбу қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилган.
Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида энг паст ҳаво ҳарорати 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати -33 -36 даража ва Устюрт платосида -38 -40 даража бўлган.
Сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007-2008 йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом этган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22 даражагача совуқ, баъзи жойларда 24-26 даража, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида 30-33 даражагача совуққа пасайган.
Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, текислик ҳудудларда барқарор қор қопламининг шаклланишига имкон берадиган кучли қор ёғиши кам учрайди. Иқлимнинг бу даражада кескин ўзгариши (бирдан совиб кетиши ва унинг ортидан исиб кетиши) қор тушганда ҳосил бўладиган қор қопламининг узоқ вақт давомида ер юзасида турмаслиги ва бир неча кун ичида эриб кетишига олиб келади.
Бироқ 1969, 1972, 1974, 1982, 1984, 2006 ва 2008 йилларда қиш фаслининг совуқ келиши билан бирга қор ёғиш давомийлигининг ортиши кузатилган. Оқибатда ушбу йилларда текислик ҳудудларимизда паст ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши қорнинг тўлиқ эришига имкон бермасдан, қор қоплами тўпланишига сабаб бўлган. Жумладан, республиканинг шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ва жанубий, жанубий-ғарбий (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари) ҳудудларида қор қопламининг баландлиги 15-25 сантиметрни, марказий (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) ва шарқий (Aндижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудларида 30-65 сантиметрни ташкил этган.
Республиканинг тоғли ҳудудларида қорнинг максимал баландлиги 140-180 сантиметрга етган.
Бугунги кунда юртимизда давом этаётган совуқ кунлар гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучли совуқ эмас. Жорий йилнинг 12 январдан 13 январга ўтар кечаси кузатилган совуқ ҳарорати юртимизга антициклон таъсирида кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг энг юқори нуқтаси эди.
Aнтициклон маркази 13 январдан бошлаб Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари орқали шарққа томон силжимоқда.
Абдуғофир Шерхолов тайёрлади.