Бугунги юқори намлик шароитида мевали боғларда қандай агротехник тадбир бажарилиши керак?
Январь, февраль ойларида ҳаво ҳарорати ўтган йилларга нисбатан анча илиқ бўлиб, март ойида ёғингарчиликнинг кўп кузатилиши мевали боғларда бир қанча касалликлар ривожланишига сабаб бўлади.
Жумладан, уруғ мевали дарахтларда – парша (халқ тилида қўтир), калмараз, ун шудринг, монилиоз, қора рак, данак мевали дарахтларда – клястероспориоз ёки тешикли доғланиш, монилиоз, ун шудринг каби касалликлар тарқалади. 18-20 март кунлари вилоятимизга кириб келаётган совуқда дарахтларни яхши сақлаш, шунингдек, ундан кейинги кунларда деҳқонларимиздан бу касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш учун бир қатор чораларни қўллаш талаб этилади. Бу ҳақда мутахассислар фикрига эътибор қаратамиз.
ТДАУ Самарқанд филиали кафедра мудири Алишер Маҳматмурадов:
- Агротехник ва санитария чоралари - боғларни юқори агротехник талабларда парвариш қилиш, озиқлантириш, суғориш, ҳашаротларга қарши курашиш лозим. Касаллик қўзғатувчи патоген замбуруғларнинг қишловчи авлодини йўқ қилиш мақсадида дарахтлар ораси очиқ бўлиши, уларнинг ёмғирдан кейин тез қуриши учун шамол айланишини яхшилаш лозим. Дарахт тагини буташ, қуриган, касалланган шохларни кесиш талаб этилади.
Дарахтларни ҳар гал ёмғирдан кейин 5-8 марта фунгицидлар билан ишлов бериш тавсия этилади. Дарахтлар куртак ёзишидан олдин қуйидагилардан бири сепилади: бордо суюқлиги 3-4 фоиз, мис оксихлорид 90 фоизли намланувчи кукуннинг 0,3-0,5 фоизли эритмаси, олтингугурт оҳак қайнатмаси (ИСО) 5° эритмаси. Ҳар гал ушбу эритмалардан бири алмашлаб сепилади, яъни бир сафар бордо суюқлиги сепилса, иккинчи сафар мис оксихлорид 90 фоизли намланувчи кукуннинг 0,3-0,5 фоизли эритмаси ёки олтингугурт оҳак қайнатмаси (ИСО) 5° эритмаси сепилади.
Кафедра доценти Норжигит Нишонов:
- Бактериал куйиш касаллигига қарши куртаклар бўртаётган вақтда, гуллашдан олдин олма, беҳи ва нокнинг барча навларини мис купороси (ёки хлороксиди) ёки 0,5–1 фоизли бордо суюқлиги билан ишлов бериш, сепгандан сўнг ёмғир ёғса қайта сепиш лозим. Шунингдек, бактериал куйиш касаллиги мавжуд бўлган боғларга ари уяларини олиб кирмаслик ва касалликни ташувчи битларни (шираларни) назорат қилиш (5 фоизли мойли препаратлар ёрдамида) керак бўлади.
Гуллаш вақтида бир ёшли дарахтларнинг барча гулларини очилишидан аввал олиб ташлаш зарур. Бир ёшли дарахтларнинг гуллари ғунча пайти олиб ташланса, уларнинг бактериал куйиш касаллигига чидамлилиги ошади. Сўнгра кесилган жойга 1 фоизли мис купороси (ёки мис оксиди) эритмаси сепилади. Эритма 1,5 литрли идишга тайёрланади.
Ўсиш даврида ҳар 7-10 кунда боғни кўздан кечириб, бактериядан зарарланган новдаларни кесиб ташлаш, касаллик ташувчи сўрувчи зараркунандаларни назорат қилиш керак. Ёзги кесишни ўсиш тўхтаганда, яъни июнь ойида бажариш мақсадга мувофиқ.