Бугунги ҳолат билан таълимда сифатни ошириб бўладими?

Сўнгги йилларда вилоятдаги олий ўқув юртларида рақобатдош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ва таълим олиш учун замонавий шароитлар яратишга катта эътибор берилмоқда. Лекин минг афсуски, таълим сифати шу шароитларга муносиб эмас.

Мисол учун, ўтган йил рейтинг натижаларига кўра, фақатгина СамДУ кучли ўнталикка (5-ўрин) кирган, охирги ўнталикда СамДАҚИ (53-ўрин) ўрин эгаллаган.

Умумий ўрта таълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ҳам етарли эмас. Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ўрганилганда кўплаб муаммолар ҳали ўз ечимини топмаганлиги, таълим муассасалари раҳбарлари, таълимни бошқариш органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан янги ўқув йилига ҳамда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик масалаларига эътиборсизлик билан қаралаётганлиги аниқланган. Жойларда янги ўқув йилига тайёргарлик, бу фақатгина куз-қиш мавсумига тайёргарлик, синф хоналарни тайёрлаш деган нотўғри тушунча шаклланган. Ўқитувчининг тайёргарлик ҳолати, унинг мутахассислик фани бўйича савиясини ошириш ва методик жиҳатдан таъминланганлиги эътибордан четда қолмоқда.

Хусусан, жорий ўқув йилида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида 146 нафар ўқитувчига эҳтиёж мавжуд.

Вилоят умумтаълим мактабларидаги 233 та (19 фоиз) физика фани, 498 та (64,2 фоиз) кимё фани, 340 та (38,6 фоиз) биология фани хоналари лаборатория жиҳозлари билан, шунингдек, 186 та ўқув компьютер синфлари компьютер техникалари билан таъминланмаган.