Булунғурлик тадбиркорлар маҳсулотларини уч қитъага сотяпти

Жорий йил Самарқанд вилояти тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган 900 миллион долларлик маҳсулотни хорижга экспорт қилиш режалаштирилган. Йилнинг биринчи ярмида 450 миллион доллардан ортиқ саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга чиқарилиши белгиланган.

Булунғур тумани ҳокимлиги инвестициялар саноат ва савдони ривожлантириш бўлими томонидан уюштирилган пресс-турда туман ҳокимининг ўринбосари Шавкат Раззоқовнинг маълумот беришича, 2023 йилда 22 та корхона томонидан 13 та давлатга 49 турдаги 16,2 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган. Жорий йилда 3,6 миллион долларлик саноат, 20,3 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилиши режалаштирилган. 

Январь-май ойларида тумандан 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Экспорт таркиби 177 минг долларлик саноат ва 5,7 миллион долларлик мева-сабзавот улушига тўғри келган. 

Тумандаги йирик экспортёр корхоналардан бири “Булунғур Сандвик” МЧЖ қўшма корхонаси асосан сабзавот маҳсулотларини қуритиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. 

-  Корхонамизда йилига 8 турдаги 40 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулоти 10 босқичдан ўтиб қайта ишланади, - дейди жамият иш юритувчиси Аббос Мўминов. – Қайта ишланган маҳсулот АҚШ, Германия, Канада, Франция, Россия, МДҲ давлатлари ва Эронга экспорт қилинади. Ҳозирда корхонада Италиядан келтирилган ускуналар ёрдамида иш олиб борилмоқда. Лекин вақт ўтиши билан ҳар қандай ускунани замонавийсига алмаштириш эҳтиёжи пайдо бўлади. Ҳозир корхонада бир ойда 655,2 миллион сўмлик 728 минг кВт соат, йилига 4 миллиард 320 миллион сўмлик 4,8 миллион кВт соат  электр энергияси, мавсум даврида 945 миллион сўмлик 1 миллион куб, йилига 7 миллион кубдан ортиқ табиий газ сарфланади. Эндиликда бу харажатларни камайтириш мақсадида “Туронбанк”нинг 295 минг долларлик кредити ҳисобига Туркиядан замонавий буғ қозони олиб келинди. Бунинг натижасида ойига 60 минг куб, йилига 360 минг куб табиий газ иқтисод қилинади.

Тумандаги яна бир корхона - “Фрутсланд экспорт” МЧЖ йилига 1 миллион долларлик 1-1,5 минг тонна мевани қуритиш, қайта ишлаш ва тўлиқ экспорт қилиш билан шуғулланади. 

- Корхонамиз 2022 йилда “Килдон” кичик саноат зонаси ҳудудида ташкил этилган, - дейди жамият раҳбари Ойбек Бурхонов. – Тасарруфимизда 20 гектар узумзор бор. Қолган мевани Сирдарё, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларидан олиб келиб, 4 босқичда қайта ишланган маҳсулотларни, асосан Россия ва Украинага экспорт қиламиз. Жами 15-20 турдаги маҳсулотни қайта ишлаймиз, аммо энг кўп талаб Россиядан майиз маҳсулотига бўляпти. Жорий йил бошидан буён 500 тонна маҳсулот экспорт қилдик. Йил якунигача Молдовадан мевани данагидан ажратадиган ускуна олиб келиш ва маҳсулот ҳажмини оширишни режалаштиряпмиз. 

Ўктам Худойбердиев.