Бутун дунёда севимли: маккажўхорининг фойдали хусусиятлари

Қайнатилган ва туз сепилган маккажўхорининг тайёрланиш усули ўта қадимий ва жўн. Эҳтимол, шунинг учун ер юзининг ҳамма бурчакларида, ҳар қандай ёшдаги инсонлар уни севиб истеъмол қилишади.

Озуқавий моддаларга бой бу маҳсулот организмнинг ҳаётий фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, иммунитет тизимини мустаҳкамлайди. Қайнатилган маккажўхори доналари А, Е, В, D, H, PP гуруҳ дармондориларини ўз ичига олади. Шунингдек, холин, пантотеник кислота, калций, магний, фосфор, темир ва бошқа микроэлементлар, тўйинган ва моно тўйинмаган ёғларга бой.

Маккажўхори организм метаболик жараёнини тезлаштириш, мушак тўқималари ҳужайраларни қайта тиклаш ва қон томирларини мустаҳкамлаш хусусиятларига эга. Ҳомиладор аёллар, бир ёшдан катта болалар ва ортиқча вазндан халос бўлишни истовчилар учун ҳам айни муддао.

Қайнатилган маккажўхорининг унутилмас таъми ва хушбўй ҳиди ҳар бир инсонга ёшликдан таниш ва умр бўйи хотирасида қолади. У танага қувват беради, жисмоний фаоллик ва ишчанликни оширади. Тана соғломлиги ва ёшаришига ҳисса қўшади. Шунингдек, у тинчлантириш, кайфиятни кўтариш, руҳий-эмоционал ҳолатни яхшилаш хусусиятларига эга.

Ёзнинг иссиқ кунларида танамиз учун аҳамиятли бўлган сув-туз балансини сақлаш, ақлий фаолликни ошириш, хотира ва фикрлашни яхшилашда, юрак мушаклари ва жигар фаолиятини тиклашга ёрдам беради, буйрак етишмовчилигини енгиллаштиради.

Қайнатилган маккажўхори истеъмоли танани токсинлардан тозалаши ҳамда уйқусизликдан халос қилиши билан ҳам қимматли. Салатлар ва овқатларга қўшилганда эса уларга ёқимли маза бериб, овқатнинг озуқавий қийматини оширади.

Кунига 1-2 дона қайнатилган маккажўхори истеъмол қилиш қон томирлари деворларини холестерин қопламасидан тозалайди, қон қуйқалари шаклланишига тўсқинлик қилади. Атеросклероз хавфидан ҳимоя қилади, қон босимини меъёрда ушлайди.