Бухоролик аллома Шайх Сулаймон Бухорий ҳақида ўқиганмисиз?

Бу инсон ҳақида илк бор 1975 йилларда, талабалик давримда “Тошкент оқшоми” газетасида ва “Фан ва турмуш” журналида чиққан мақолалар орқали хабардор бўлган эдим. Шайх Сулаймон Бухорийнинг мен туғилиб ўсган Қоракўл фарзанди эканлиги бу инсон шахсига бўлган қизиқишимни янада орттирди.

Чунки бунгача бирор манбада Қоракўлдан чиққан атоқли олим, шоир ёки адиб, дипломат ҳақида ўқимаган эдим. Касбим тарихчи бўлмаса-да кўп манбаларни кўрдим, уларни ўқиганим сари ўз киндик қоним тўкилган, камида 15-16 аждодим хоки ётган кичик ватанимнинг тарихини ўзим учун кашф қила бошладим... Йиллар давомида Қоракўл воҳаси топонимларини ақлим етганча ўрганиб, таҳлил қилиб, ватандошларимиз фикри-ҳукмига ҳавола қилдим.

Ўқиб-ўрганишлар асносида Ўзбекистон маданияти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида муносиб ўрин эгаллаши мумкин бўлган, тақдир излари Қоракўл заминига пайваста ўнлаб ҳурматли номларга дуч келдим: Абрўй, Ан Лушан, шайх Бухорий, Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Барс Пойкандий, Ҳусомий, Ғойибий, Шукурий, Мирий... Узоқ давом эттириш мумкин бўлган бу рўйхатдаги мен учун алоҳида қизиқиш уйғотган шахс Шайх Сулаймон Бухорий бўлди. Чунки тўлиқ исми Ҳожи Шайх Сулаймон Афанди бин Қудратуллоҳ Афанди Ўзбакий ал-Бухорий (1821-1890) бўлган бу инсон XIX асрнинг ўрталарида ўзбек ва турк халқлари орасидаги сермазмун маданий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-руҳоний алоқаларни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшган, ўз даврида усмонийларнинг юксак ҳурматига сазовор бўлган, бугунги турк илмий жамоатчилиги ўртасида ҳам алоҳида қадрланадиган, лекин фаолиятининг кўп қирралари архивлар мулки бўлиб қолаётган жумбоқли шахсдир. Ўз даврининг таниқли тилшуноси, шоири ва дипломати бўлган.

Бу заковатли зот собиқ Бухоро амирлигининг Қоракўл вилоятига қарашли Қундуз қишлоғида зиёли ва аслзода оилада ҳижрий 1236, мелодий 1821 йилда таваллуд топган. Туркиялик олима Севда Каман Усмонлилар архивидаги Истанбул такялари нуфус вақфияти васиқасида “Даргоҳ-и шариф постнишини Ҳожи Шайх Сулаймон Афанди бин Қудратуллоҳ Афанди”нинг айнан юқоридаги санада таваллуд топганлиги қайд қилинганлигини ўзининг  “Şeyh Süleyman Efendi ve “Lugat-i Çağatay ve Türkî-i Osmânî”ye tanık olarak katkıları” номли тадқиқотида кўрсатиб ўтган. Француз тадқиқотчиси Т.Зарконе унинг отасининг исми Қудратуллоҳ ал-Қундузий эканлигини, онаси тарафидан Абдуллоҳ (бошқа манбаларда Убайдулло) эшон Қоракўлий ва Яҳё эшон Туркмоний билан қариндошлиги борлигини кўрсатади.

Шайх Сулаймоннинг Қоракўл воҳасида туғилганлигига билвосита далил шуки, у ўзининг “Lugat-i Çağatay ve Türkî-i Osmânî” номли луғатида воҳадаги бир неча кичик топонимларни, қоракўл териси билан боғлиқ бир маълумотни алоҳида тилга олиб ўтади.

Истанбулдаги Бухоро ўзбеклар такясида қўним топган Қўқон элчисининг архивларда сақланиб қолган қуйидаги фикри ҳам унинг аслзода оиладан чиққанлигини тасдиқлайди: “Султон Аҳмад атрофида Меҳмет Пошонинг қуйисида жойлашган Ўзбекон хонақоҳи шарифининг постнишини бўлган Шайх Сулаймон Афанди Бухоронинг азалий аслзодалари ва Қўқон ҳукмдори олдида қадимий хонадон вакили сифатида машҳур бир зот  бўлса-да унинг бу ерда яшаши бежиз эмас ...”.

Можористонга қилинган сафарда Шайх Сулаймон Афанди бошчилигидаги ҳайъатга ҳамроҳлик қилган   ва у кишини яқиндан таниш имконига эга бўлган “Basiret” газетасининг таниқли мухбири Çaylak Mehmet Tevfik ўзбек шайхининг нотиқлик санъатини, шеър ўқиш маҳоратини пухта эгаллаган, қадимги форсий ва туркий адабиётни яхши биладиган донишманд инсон эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Француз тарихчиси Т.Зарконе ёзганидек, сўфий оилада улғайган Шайх Сулаймон Афандининг номи Бухорода пайдо бўлган ва равнақ топган Нақшбандия тариқати билан ҳам боғлиқдир, у Нақшбандия-Мужаддидия силсиласининг вакилидир. У Шайх Сулаймон Афандининг 1844 йилда Ҳаж мақсадида Бағдодга келганини, ундан Ҳижозга ўтганини ёзади. Ҳижозга сафар уч йилга чўзилиб кетади, шу ерда бўлғуси шайх, табиийки, араб тили ва маданиятини, Қуръони каримни янада пухта эгаллайди. Сўнгра 1847 йилда Бухоро амирининг элчихонаси котиби сифатида Истанбулга келади ва тез орада элчилик лавозимини эгаллайди. Кейинроқ Истанбулда бухоролик Нақшбандия тариқати шайхлари асос солган Бухоро ўзбек такясининг шайхи этиб тайинлангач, тез орада такяни маданий ва илмий марказга айлантиради. Шайх Сулаймон Афанди Бухоро ўзбек такясининг ҳажга отланган туркистонлик мусофирлар учун қўналға ва  диний марказгина эмас, балки XIX асрнинг иккинчи ярмида Усмонийлар империясининг сиёсий ва маданий тарихида муҳим мавқега эга бўлган тузилмага айланиши йўлида катта хизматлар қилади.

Шарқ ва Ғарб саёҳатчилари ва уламолари тез-тез учрашиб турадиган ҳамда қадирға, ўзбеклар даргоҳи, ўзбеклар хонақоҳи, Бухоро ўзбек такяси номлари билан  танилган бу такя Истанбулдаги бошқа ўзбек такялари ичида алоҳида нуфузга эга эди. Такя Усмонийларнинг Бухоро амирлиги, Хива, Қўқон ва Қашғар хонликлари билан алоқаларида муҳим ўринга эга бўлганди. Аслида ушбу такя Истанбул дафтардори Исмоил Афанди томонидан ҳижрий 1104, мелодий 1692-1693 йилда барпо этилган эди. 1878 йилда ушбу такя Шайх Сулаймон Афандининг саъй-ҳаракатлари ва Усмонийларнинг ўша даврдаги султони Абдулҳамидхон Сонийнинг амри билан таъмирланган. Бу ҳақида Шайх Сулаймон Афандининг Нақший тахаллуси билан ёзган қуйидаги сатрларида акс этган (Бу шеър кейинчалик иморат китобасига ёзиб қўйилган):

“Ҳазрати Aбдулҳамид Хони адолатпешанинг,

Умр ила иқболини қилсин фузун рабб-и мажид.

Mулкпарвар бир ўйла султон-и хайр андишким,

Соясинда кун ба кун вайроналар бўлди жадид.

Жумладан таъмира пок муҳтож эди бу хонақоҳ,

Этди иншо ҳимматийла ўлди итмома расид.

Бу иморатдир ажаб Нақший дедим тарихини,

Шоҳ-и Нақшбанд жойини қилди бино Султон Ҳамид”.

(Ҳижрий 1305 йил).

Шаҳобиддин Маржоний ва Игнац Кунош каби Шарқ ва Ғарб олимларининг китобларида ўз даврида яхши обрўга эга бўлган, Туркистон миссиясини муваффақиятли бажарган шайхнинг ўлим санаси ҳақида ҳеч қандай ёзув йўқ.

Таниқли турк шоираси Нигор Хонимнинг кундаликларида 1888-1889 йиллар мобайнида шоиранинг Шайх Сулаймон Афанди ва шайхнинг хотини Нажия Хоним билан учрашганлиги ҳақидаги маълумотга дуч келиш мумкин.

Шайх Сулаймон Афанди 1890 йил сентябрь ойига қадар ўз вазифасида ишлашда давом этди, ундан сўнг унинг ўрнига бухоролик Мирза Олим Афанди тайин этилган. Бу маълумотларга асосланиб, Шайх 1890 йилда вафот этган деб тахмин қилинади. Турк олимаси С.Каман Силсилайи Усмонийда шайхнинг ҳижрий 1308 йил Муҳаррам ойида (1890 йил август-сентябрь)  вафот этгани ҳақида маълумот берилганини ёзган.

Саъдулла Ғайбуллаев.

(Давоми бор)