Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги Самарқанд қадимий салоҳиятини тиклашга интилмоқда

Самарқанд қадимдан туризм шаҳри ҳисобланган. Бугун ҳам бу муаззам шаҳарга йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Хўш, меҳмонларга шаҳримизнинг гўзаллигию тароватини борича намойиш қилишга тайёрмизми? Уларга кўрсатилаётган хизматлар савияси талаб даражасидами? Шу саволлар билан Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир НУРУЛЛАЕВга мурожаат қилдик.

- Вилоятимизда жаҳонда тенги йўқ тарихий ёдгорликлар бор,- дея гап бошлади Ботир Нуруллаев. - Қадимдан меъморий салоҳиятга, билимга эга бўлган аждодларимиз томонидан гўзал ва чиройли архитектура ечимларга эга бўлган обидалар қурилган. Бугунги кунга келиб улар бунёд этган тарихий мажмуаларни ўз ҳолича сақлаб, келажак авлодларга етказиш, уларнинг гўзаллигини бутун дунёга намойиш қилиш мақсадида кўп ишларни амалга оширяпмиз. Сўнгги уч йил ичида ҳукуматимизнинг туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари вилоятда ташқи ва ички туризмни кенг ривожлантиришга ҳамда туристлар ташриф буюрадиган инфратузилмани янада яхшилашга катта имкониятлар яратиб берди. Президентимизнинг жорий йилнинг 26 июлда вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари доирасида Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Шу ҳужжат асосида вилоятимизнинг мавжуд туристик салоҳияти ва соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

- Вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаси қандай бўлмоқда?

- Жорий йилнинг ўтган 10 ойида вилоятга жами 2,7 миллион турист ташриф буюрган бўлиб, шундан 500 мингдан зиёдини хорижий сайёҳлар ташкил этди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уларнинг сони 351 минг нафар бўлган эди. Жаҳоннинг 147 давлати фуқароларига визасиз режим ҳамда электрон визалар олиш тартиби йўлга қўйилди.

Бугунги кунда вилоятимизда 5949 ўринли 142 та меҳмонхона ва 1207 ўринли 135 та оилавий уй-меҳмонхона ҳамда 170 та туроператорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. 230 та замонавий автотранспорт воситалари ва 230 нафар гид-таржимон сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 1446 ўринга эга бўлган 27 та меҳмонхона, тадбиркорларимиз томонидан 43 та туроператорлик субъектлари ташкил қилинди. Шунингдек, сайёҳларга шаҳар ичида ва шаҳарлараро сайёҳлик йўналишларида қулайлик яратиш мақсадида 26 та туристик классдаги автобус ва 46 та микроавтобус олиб келинди. 8 та туристик ахборот марказлари ташкил қилинди. 57 та йўл кўрсаткичлари ва белгилари ҳамда вилоят ҳудудида жойлашган 40 та туристик объектда ва йўл бўйларида 18 та янги санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилди.

- Вилоятимизга келган аксарият сайёҳлар шу куннинг ўзида қайтиб кетмоқда. Уларнинг ташриф муддатларини узайтириш учун зарур шароитлар яратиляптими?

- Сайёҳлик хизматидаги долзарб масалани таъкидладингиз. Айнан шу ҳолатга барҳам бериш бизнинг асосий юмушларимиздан бирига айланган. Шу жиҳатдан вилоятимизга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимининг ортиб боришида, уларнинг ташриф муддатларини узайтириш ҳамда мазмунли дам олишлари учун 18 та янги маршрутлар қўшилди. Чунки сайёҳларнинг қўшимча яна бир кеча вилоятимизда қолиш муддатларини узайтириш, тарихимиз ва маданий-маърифий ҳаётимизга бўлган қизиқишларини орттириш, янги сайёҳлик йўналишлари ва маршрутлари пайдо бўлиши орқали бизда аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорлар даромадини кўпайтириш ҳамда туризм соҳасида фаолият кўрсатувчилар сони ортиб боришига хизмат қилади. Самарқанд шаҳри меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида шу йилнинг ўзида 55 та янги Wi-Fi нуқталари ўрнатилиб, уларнинг сони 67 тага етказилди. Туристик салоҳиятни кенг реклама қилиш мақсадида 60 та хорижий оммавий ахборот воситалари жалб қилиниб, тарғибот ишлари олиб борилди. Йигирмадан ортиқ турли «Силк роад базаар», «Кўпкари», «Туризм куни», «Зиёрат туризми» фестиваль ва тадбирлар ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 9-11 июль куни МДҲ мамлакатлари биринчи ярмаркаси, 26-28 ноябрь кунлари 180 дан ортиқ туристик шаҳарлар аъзолигига эга бўлган Бутунжаҳон Туристик Шаҳарлар Федерациясининг (WТCF) 1-Марказий Осиё конференцияси бўлиб ўтди. Уларда 20 дан ортиқ келишувларга эришилди. Келгуси йили ташкилот томонидан фақатгина Хитойдан 100 минг сайёҳ жалб қилиши маълум бўлди.

Яна “Invest in Samarkand” инвестицион форумида туризм соҳасига 400 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан–тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича келишувлар имзоланди. Латвияда “Балттур-2019”, Германияда “ITB Berlin-2019”, Дубайда “Arabian Travel Fair 2019”, Финляндияда WTCF саммити, Ҳиндистонда “Luxury Symposium - 2019” ҳамда Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Beijing Expo-2019” каби кўргазмаларда Самарқанднинг туризм салоҳияти кенг намойиш этилди.

- 2022 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити айнан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу нуфузли тадбирга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

- Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантириш бўйича тузилган йўл харитасига мувофиқ Халқаро молия институтлари, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган йирик истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 2019-2021 йилларда Самарқанд шаҳрининг 5 та асосий кўчасида хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда туризм инфратузилмаси ташкил қилинади. Жумладан, О.Маҳмудов кўчасида гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича тузилган лойиҳага асосан реконструкция ва ободонлаштириш ишлари бошланган. Университет хиёбони, Алишер Навоий ва Пушкин кўчаларида мусиқачилар, рассомлар, кўча актёрлари ва тез овқатланиш нуқталари билан бирга пиёдалар аллеяси ташкил этилади. Шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасида пиёдалар аллеясини тўлиқ миллий услубда ва ўрта асрлар руҳида ободонлаштириш бўйича концепция ишлаб чиқилмоқда. Амир Темурнинг 2 та боғини қайта ташкил этиб, уларнинг тарихий қиёфасини қайта тиклашга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада Боғишамол боғи сифатида шаҳримиз четида жойлашган Қорадарё дарёси бўйидаги “Bagishamal garden” этнографик парки сайёҳларни қабул қилиш учун тайёрланган. Ҳозирда бу ерда турли даражадаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Яқинда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорликда “World Plov Сhampionship" пазандачилик мусобақаси шу ерда ташкил этилгани фикримнинг тасдиғидир. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ боғлардан саналган Боғибаланддаги анжирзорда ташкил этилган анжир сайлига ташриф буюрган юзлаб хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сархил анжирлардан баҳраманд бўлишди. Қолган 10 та боғнинг ўрнини аниқлаш бўйича ҳам тарихчи олим ва тадқиқотчилардан иборат ишчи гуруҳ изланишлар олиб бормоқда.

Мутахассисларимиз қадимий “Арк” қароргоҳига кирувчи “Оқ дарвоза”ни ўзининг тарихий жойида қайта тиклаш, буюк диний уламо Шайх Нуриддин Басир дахмаси ва Амир Темур ҳаммомини қайта тиклаш, “Афросиёб - қадим бозор” ва Ислом Каримов кўчасидаги савдо майдонларини туризм объекти сифатида асл ҳолатига келтириш, Бибихоним мажмуасининг тарихий кўринишини қайта тиклаш каби лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам концепция ишлаб чиқилмоқда. Вилоятда археологик туризмни ривожлантириш мақсадида Булунғур туманидаги Шерозқалъа, Пахтачи туманидаги Дабусия, Самарқанд туманидаги Ревдат шаҳарчаси, яъни Кофирқалъа ҳамда Афросиёб шаҳарчасидаги тарихий-археологик ёдгорликларни реставрация қилиш ҳам кўзда тутилган. Мазкур тарихий объектларни тиклаш ишлари ЮНЕСКО мутахассисларининг хулосалари олингандан сўнг амалга оширилади. Шу боис бу сайёҳлик объектлари яқиндагина ўтказилган Ўзбекистоннинг бадиий мероси билан таништиришга кўмаклашувчи 1-«Art symposium of Samarkand’s architecture, mayolica & mosaic» симпозиумига ташриф буюрган мутахассис-олимлар муҳокамасига қўйилди.

- Очиғи, кўпчилик хорижий сайёҳлар Регистон майдони, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидаларимизни томоша қилиш учун келади. Менимча, уларга енгиллик яратиш сайёҳлар ташрифининг ортишига, уларнинг Самарқандда кўпроқ бўлишига замин яратади. Бу ҳақда ҳам ўйлаш, бирор шароитлар яратиш керакдир…

- Сайёҳларга қулайлик яратиш ва тунги вақтларда маданий дам олишларини таъминлаш мақсадида “Регистон” ансамблида кеч соат 24:00 гача ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ўзбекистон Филармонияси вилоят бўлими билан биргаликда Шердор мадрасасида театр шоуси ва маданий-кўнгилочар тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Шунингдек, Регистон майдонида жадвал асосида соат 21:00 да нурли лазер-шоу намойиши ташкил этилмоқда. Мавсум бўлмаган даврда, яъни 20 ноябрдан 20 февралгача юртимизнинг турли вилоятларидан келаётган маҳаллий сайёҳлар учун туристик объектларга киришда чегирмалар жорий этилди. Маданий мерос объектлари ва меъморий ёдгорликларнинг кириш жойларига электрон ҳисоблаш тизимига эга замонавий турникетларни ўрнатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.

- Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида сайёҳлик маркази ташкил этилиши ҳақида яхши хабарлар тарқалган эди.

- Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида туристик марказ қурилишини амалга ошириш юзасидан йирик лойиҳаларга асосан бунёдкорлик ишлари амалга ошириш режалаштирилган. Бу борада анча ишлар қилинди ҳам. Ҳозирда «Ўзмиллийбанк» ва «ERIELL» Group компаниясининг мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳаларни ишга тушириш учун Президентимизнинг тегишли қарор лойиҳаси ҳам тайёрланган. Тез орада асосий ишлар ҳам бошланади.

- Сайёҳларнинг, айниқса, хорижликларнинг Самарқандга келишидан мақсад фақат тарихий ёдгорликларни кўриб кетиш бўлмаса керак...

- Тўғри, улар осори-атиқаларимиздан ташқари миллий ошхоналаримизни ҳам кўриб, таомларимиздан тановул қилишади. Бу мақсадда, режага асосан Имом Бухорий мажмуаси атрофида зиёрат меҳмонхоналари, ҳалол умумий овқатланиш масканлари ва бошқа инфраструктура объектларини барпо этиш бўйича қурилиш ишлари бошланган. Шунингдек, “Алпомиш” заводи ҳудудида замонавий дам олиш ва кўнгилочар “Туристик маркази”ни ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифи ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, сайёҳлар Самарқанд давлат университетида ташкил этиладиган “Самарқанд устида юлдузлар” дастури доирасида “Grubb Parsons” замонавий телескопи орқали тунги осмонни кузатиш имкониятига эга бўлишади. Хорижий ва маҳаллий туристларга хизмат кўрсатувчи 28 та ихтисослаштирилган овқатланиш шохобчалари, клублар, кўнгилочар ва бошқа муассасаларнинг тунгги вақтда 23:00 дан 06:00 гача ишлаш режими ташкил этилди. Нуробод тумани Оқсой қишлоғидаги “Ҳазрати Довуд” зиёрат мажмуаси ҳудудида хусусий инвестор томонидан арқон йўли, дам олиш маркази, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари ва савдо марказини қуриши учун 5 гектар ер майдони ажратилди.

- Кўпчилик сайёҳлар алоқа тизими ва йўлларимизнинг ёмонлигидан нолишади. Бу борада ҳам ишлар олиб бориш кўзда тутилганми?

- Тўғри, кўпчилик хорижлик сайёҳлар интернет ва телефон алоқалари яхши ишламаслигига эътироз билдиради. Бу борада ҳам қатор режаларимиз бор. Жумладан, уларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят ишчи гуруҳи томонидан 4-G тармоқ стандартларининг сигнал даражасининг экспертиза ва диагностикасини ўтказиш, шунингдек, алоқа даражаси ва сифати картографиялаш ишлари ўрганилмоқда. Бундан ташқари 2020-2021 йиллар давомида 23 та қишлоқда этно, агро, экстремал, тоғ ва экологик туризмни ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тузилаётган концепцияга асосан туризм маршрутлари бўйича кейинги икки йил ичида юз километрдан ортиқ автомобиль йўли ва пиёдалар йўлаклари реконструкция қилинади. Шунингдек, 2020 йилда қарор доирасида Самарқанд шаҳрида туризм брендини тарғиб қилиш мақсадида 12 та халқаро даражадаги тадбирлар ўтказилади. Режалаштирилган барча лойиҳаларимизни амалга оширишга эришсак, 2022 йилда вилоятимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони 1 миллион 200 минг нафарга, туризм хизматлари экспорти эса 558 миллион АҚШ долларига етказилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ суҳбатлашди.