Бюджет маблағлари қандай, қай йўналишда нотўғри сарфланган?

Шу йил 6 январда zarnews.uz сайтида “Самарқандда соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида 7 миллиард сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди” номли ва шу куни бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат молиявий назорати департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимидаги муассасаларга ажратилган бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига оид ҳолатлар ҳақида мақола чоп этилди.
Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят молия ва вилоят давлат молиявий назорати бошқармалари қуйидагиларни маълум қилади:
I. Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аниқланган ҳолатлар:
- коронавирус пандемиясининг дастлабки даврида вилоятда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сонининг кескин ошиб кетиши ўз навбатида дори-дармон ва дизинфекция воситаларига бўлган талабнинг ортишига олиб келди ва натижада нархларнинг қимматлашишига ўз таъсирини кўрсатди.
Бюджет муассасаларида беморлар кўпайгани оқибатида уларга зарур дори-дармон ва дезинфекция воситаларини қисқа муддатларда етказиб бериш зарурати юзага келган ва шу сабабли бу маҳсулотлар таъминотчи корхоналардан тендер савдоларисиз тўғридан-тўғри харид қилинган.
2020 йил август ойидан бошлаб, касалликка чалинган беморлар сонининг кескин камайиши ўз навбатида дори-дармон воситаларига бўлган талабнинг ҳамда нархларнинг пасайишига олиб келган. Ўрганиш натижасида вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида харид қилинган дори-дармон ва дезинфекция воситалари нархларида 5 643,3 миллион сўмлик тафовутлар қайд этилган.
II. Вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан аниқланган ҳолатлар:
- пандемия даврида хизмат кўрсатган тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўлашда бюджет ташкилотлари томонидан меъёрий ҳужжатларни нотўғри қўлланилиши ва бошқа ҳолатлар натижасида 1 384,2 миллион сўмлик ортиқча харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Жумладан:
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли фармонига асосан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасалари томонидан коронавирус инфекциясини даволашда иштирок этган тиббиёт ходимларига ишлаган ставкадан ортиқча равишда 130,6 миллион сўмлик қўшимча тўловлар тўланган;
– тиббиёт муассасалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, ахолининг санитария-эпидемилогик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори талабларига риоя қилинмасдан тез тиббий ёрдам чақирув бригадалари таркибида бўлмаган 48 нафар ходим (кичик тиббий ходимлар, бўлим бошлиқлари, чақириқларни қабул қилувчи-узатувчи хамширалар, бўлим бекалари ва бошқалар)га 324,5 миллион сўмлик моддий рағбатлантириш тўловлари нотўғри тўлаб берилган;
– тиббиёт муассасалари томонидан ходимларга карантин тадбирларида иштирок этган даврида иш ҳақларини бюджетдан молиялаштириладиган барча вазирлик, идора ва муассаса раҳбарларига юборилган кўрсатма хати талабларига риоя қилинмаслиги оқибатида 129,7 миллион сўмлик маблағ ходимларга ортиқча тўлаб юборилган;
– тиббиёт муассасалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли фармонига биноан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ” талабларига амал қилинмасдан 538,8 миллион сўмлик маблағ бошқа турдаги харажатларга мақсадсиз сарфланган.
Шунингдек, текшириш ўтказилган пайтда тиббиёт муассасаларининг ҳисоб варағида 260,6 миллион сўмлик маблағ қолдиғи мавжудлиги аниқланган.
Аниқланган ортиқча тўловлар тўлиғича ундирилиб, жамғармага тикланиши таъминланган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси ахборот хизмати.