Бюджетни тўлдираётган бюджетчилар

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тўғрисида ҳисобот берди.

- Жорий йилнинг биринчи чорагида умумий даромадлар прогноз режаси 632,2 миллиард сўм белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 686,6 миллиард сўмга ёки 54,4 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди, - дейди Б.Мирзаев. – Бу, табиийки, вилоят ва ҳудудларда ички имкониятлар кенгайишига хизмат қилмоқда.

Б.Мирзаев ҳисоботи давомида даромадлар базасини кенгайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш масаласида сўз юритиб бу борадаги айрим рақамларни келтирди. Хусусан, 2020 йилда вилоят бўйича бюджетга йиллик тушумнинг 69,3 фоизи бюджетдан молиялаштирилган ташкилотлар (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва давлат улуши бор корхоналар билан бирга) ҳиссасига тўғри келган.

Бюджетга тушумларнинг асосий қисми бюджет ташкилотларидан бўлаётганига 3 та ҳолат сабаб қилиб кўрсатилди. Жумладан, вилоят бўйича микрофирма ва кичик корхоналарда банд бўлган ходимларнинг ўртача йиллик сони 1 нафарни ташкил этган корхоналар сони 14 540 тани ташкил этмоқда. Яъни, корхона ва ташкилотлар томонидан ҳақиқатда ишлаб келаётган ходимлар сонини ҳисоботларда кўрсатмаслик ҳолатлари мавжуд.

Бундан ташқари, асосий фаолият йўналиши саноат бўлган 3 минг 936 та корхонада 2020 йилда 51 минг 920 нафар ишчи ишлатиб, уларга 348,6 миллиард сўм иш ҳақи ҳисобланган.

Аниқроғи, бир ишчига ўртача 560 минг сўм (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам паст) бир ойлик иш ҳақи ҳисобланган. Ушбу кўрсаткич Нарпай туманида 293 минг сўм, Каттақўрғон шаҳрида 309 минг сўм, Каттақўрғон туманида 356 минг сўмни ташкил этган.

Таъкидланишича, 2020 йилда корхона ва ташкилотлар томонидан статистика ва солиқ идораларига топширган ҳисобот кўрсаткичларидаги фарқ сабаб бюджетга 4,5 миллиард сўм даромад солиғидан йўқотишлар юзага келган.