Call-centerга 1105 қисқа рақами орқали  500 дан ортиқ мурожаат тушди

Коронавирус инфекцияси аҳоли орасида кенг тарқалиши, коронавирусга чалинганлар ўз вақтида тиббий кўрсатма ва ёрдам ололмаётгани кейинги кунларда кўп таъкидланмоқда.

Аҳолини қизиқтираётган шу ва бошқа масалалар юзасидан жавоб бериш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида ташкил этилган call-center хизмати такомиллаштирилди. Мазкур маслаҳат маркази малакали мутахассислари  1105 рақами орқали фуқароларга маслаҳат бериб бориши белгиланди.

Дастлаб 1105 қисқа рақамига телефон қилдик.

- Самарқанд тиббиёт институти call-center эшитади.

- Кечирасиз 37.5 даража иситма кўтарилганда қандай маслаҳатлар берасиз?

- Кунига икки бор парацетамол ёки ибупрафен, вирусга қарши анаферон, эргоферон, арбидол каби дориларни, кўпроқ суюқлик ичишни тавсия этамиз. Мевалардан ҳам кўпроқ енг. Аскорбинка таблеткасини кунига икки бор ичинг.

“Раҳмат”, дея гўшакни қўйдим.

Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида кўнгилли ёшлар ва ёш ўқитувчилар томонидан пандемия шароитида аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси борасида пайдо бўлаётган саволларга жавоб бериш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида 66 233-08-41 телефон рақами орқали 24 соат давомида маслаҳат бериб бориш йўлга қўйилганди. Бугун бу ерда кеча-кундуз икки навбатда, ҳар бир навбатда 10 нафардан институтнинг магистратура ва  клиник ординатурасида таҳсил олувчи талабалари ҳамда 5 нафар ўқитувчилар жалб қилинган бўлиб, жами 30 кишидан иборат таркиб ишламоқда.

- Марказимиз ташкил этилганидан буён 5000 та мурожаат келиб тушган бўлса, кеча бир кеча-кундузда 1105 қисқа рақамига аҳолининг мурожаатлари 500 дан ошди, - дейди СамДТИ биринчи ички касалликлар кафедраси катта ўқитувчиси, илмий изланувчи Ибрат Аҳмедов. – Кўриб турганингиздек тинимсиз қўнғироқлар бўляпти, барчага тегишли маслаҳатлар беришга, касалликлар бўйича институтимизнинг профессор-ўқитувчиларидан онлайн маслаҳат олишга йўналтиряпмиз. Шунингдек, институтнинг 1-клиникаси ҳудудида “Онлайн поликлиника” ташкил этилган бўлиб, пандемия шароитида аҳолига масофадан туриб керакли маслаҳат ва тавсияларни бермоқда. Асосан  иситма кўтарилиши, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг гумонлари, сурункали юрак, қандли диабет, сийдик касалликлари билан оғриган беморларда инфекция аломатлари кузатилганда кимга мурожаат қилиш, ҳомиладор аёллар, 1 ёшга етмаган болаларнинг оналаридан мурожаатлар келиб тушмоқда. Нафақат вилоятимиздан, балки қўшни Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларидан ҳам аҳоли томонидан мурожаатлар бўляпти. Шунингдек, мурожаатларда фуқароларнинг ваҳимага тушиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Уларга психологик кўмак бериш мақсадида марказимизда психолог маслаҳати йўлга қўйилди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Ҳусан ЭЛТОЕВ олган суратлар.