Cамарқанддаги нашрларнинг бир марталик тиражи 80 минг нусхадан ортади

Ҳозирда вилоятимизда 32 та газета ва 6 та журнал чоп этилади ва уларнинг бир марталик адади 80 минг нусхадан ортади. Вилоятнинг шаҳар ва туманлари газеталари таҳририятларида 200 нафарга яқин ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 100 нафарини ижодий ходимлар ташкил этади. Умуман олганда, вилоятда 500 нафардан ортиқ журналист ва блогер фаолият юритмоқда.
Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев иштирокида "Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзусидаги ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди.
Таҳлилларга кўра, вилоятдаги 38 та босма оммавий ахборот воситаси таҳририятларининг 13 таси ўз биносига эга, 10 таси муассис биносида бепул фаолият олиб боради. 15 та газета ва журнал таҳририятлари эса ижарада фаолият юритади, 8 та нашр электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган. Вилоятда 9 та халқаро миқёсда тарқатиладиган электрон журналлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Фақат “Пахтачи” газетасининг расмий веб-сайти янгиланиш жараёнида бўлса, қолган барча туман-шаҳар газеталарининг расмий веб-сайти фаолият юритмоқда.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририятининг zarnews.uz веб-сайти ҳамда телеграмм мессенжеридаги zarnews канали орқали фақат ёзма ахборот берибгина қолмай, хабарларни видео, аудио, инфографика кўринишларда бериб боришда фаол. Таҳририят қошида медиа марказ ташкил қилинган.
Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимларинингижодий ишлари вилоят ва республика миқёсида эътироф этилгани ҳам таъкидланди.
- Аввал оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун турли идораларга ҳужжатлар тўплаб, ойлар, баъзида йиллар давомида қатнашга тўғри келар эди, - дейди М.Ибодуллаев. - Ҳозирда оммавий ахборот воситасининг ҳар қандай турини (газета, журнал, веб-сайт ва бошқалар) ҳар бир туман (шаҳар)да бўлган давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат рўйхатидан ўтказиш мумкин. Айни пайтда вилоятда 50 нафардан ортиқ фаол блогер, мессенжер каналлари ва ижтимоий тармоқларда саҳифа юритувчи фуқаролар билан яқин муносабат ўрнатилган. Ушбу блогерлар ва фаол фуқаролар томонидан юритилаётган Telegram каналлари ва ижтимоий тармоқлардаги умумий аудитория 1 миллиондан зиёд фойдаланувчини ташкил этади.