Чақмоқнинг ўртача узунлиги деярли 10 километрга тенг
Чақмоқ – бу салобат, афсона ва қўрқув. Бу ўрганиш ишлари давом этаётган сир, Осмон билан Ерни бир-бирига боғлаб турадиган порлоқ “учқун ип”лар. Ушбу табиий электр ҳодисаси ҳақида биринчи маълумотлар 1750 пайдо бўлган.
Яшин асрлар давомида ўрганиб келинмоқда. Қандай қилиб булутда заряд пайдо бўлади, нима учун момақалдироқ пайтида гамма ёки квантлар таралади – бу саволларга ҳали-ҳануз жавоб топилмаган. Бугун чақмоқ тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан танишамиз.
Чақмоқнинг ўртача узунлиги деярли ўн километрга тенг
Чақмоқлар ҳар хил бўлади. Улар чизиқли, марваридли, тиниқ яшин, маржон кетма-кетлигидаги чақнаб турган шаклланишлардир. Чизиқли чақмоқ энг кенг тарқалган, юпқа плазма канали бўйлаб булутдан ерга қараб атмосферада электр заряди ҳаракат қилади. Айнан шу тури одамзотга таниш.
Бу сертармоқ чизиқ. Ушбу табиий ҳодиса олиб келадиган энергия ёруғлик, товуш, иссиқ энергия шаклида амалга ошади.
Чақмоқ ҳарорати қуёш юзаси ҳароратидан беш марта юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақиқат. Чунки бу кўрсаткич цельсий бўйича 27771 даражага тенг.
Баъзида чақмоқ илоҳий жазо билан тенглаштирилган
Барча қадимий маданиятларда яшин куч, тезлик, ҳаракат ифодаси белгиси бўлиб, хизмат қилган ва осмон билан ерни боғлайдиган илоҳий ироданинг рамзи ҳисобланган. Чақмоқ урган жойлар эса муқаддас ҳисобланган.
Ҳозирги вақтда ўтмиш афсоналарига аҳамият берилмайди. Кулгили жиҳати шундаки, Юнонлар агар чақмоқ денгизга тушса, марваридлар кўпайишига ишонган.
Ацекларда чақмоқ марҳумларга ҳамроҳлик қилади, у ерни тилиб, танани унинг тубига етиб боришини осонлаштиради, деган фикр бўлган.
Инсон танишган биринчи шиша бўлаклари табиий ҳолда пайдо бўлган
Узоқ вақт давомида Ер юзида катта миқдордаги энергия ажралиб чиққанда ва тупроқ таркиби шиша ҳосил бўлишига мос келган бир пайтда табиат ҳар сафар табиий равишда ойнани яратади. Айнан қумли тупроқ фульгурит (фульгур – юнонча чақмоқ) деб номланган табиий шишани олишга имкон беради. Чақмоқ ҳўл қумга тушганда шиша ҳосил бўлиб, фульгуритлар мураккаб, жимжимадор шаклларга эга бўлади.
Чақмоқнинг самолётга уриш ҳолатлари ҳам қайд этилган
Ушбу ҳолатлар тавсифи ва фотосуратлари тасаввурни ҳайратда қолдиради. Ахир бу 1 миллиард жоуль электр токи уриши дегани. Бунга қарши тайёрланган самолёт қопламаси - ўтказгич докага ўхшаш металл тўри бутун самолётни ҳимоя қилади. Бундан ташқари, самолёт рейсга қўйилишидан олдин чақмоқ уриши симуляцияси текширилади. Демак, йўловчилар хавфсизлиги кафолатланган.
Чақмоқ бир жойга икки марта, ҳатто уч марта ҳам урилади
У шаклланган канал орқали бир неча марта ўтади. Чунки бу ерда энг кам қаршилик мавжуд ва олдин урган жойга урилади. Одамлар эса бу ҳодисани шунчаки милтиллаш, деб билади. Москванинг Останкино телеминорасига йилига 50 марта чақмоқ тушади. Бу иншоот улкан яшин қайтаргич вазифасини ҳам бажаради.
Арктика ва Антарктидада момақалдироқ жуда кам учрайди. Ўртача статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, йилига ҳар бир квадрат километр ерга 2-3 та чақмоқ урилади.
Статистик маълумотларга кўра, яшин уриши ва ётоқдан йиқилишдан ўлим эҳтимоли тахминан тенг
Бу ерда бахтсиз ҳодисалар қонуни кучга киради. Ҳар икки миллион кишига бир ҳолат тўғри келади.
Африканинг Уганда давлатида жойлашган Тороро шаҳрида йилига 250 кунга яқин момақалдироқ бўлади
Бу жуда аниқ кўрсаткич. Аҳоли пунктининг географик жойлашуви бу жойларга офатнинг кенг тарқалишини тақозо этади. Бу жой дунёдаги энг момақалдироқли саналади.
Америкалик Рой Салливан 7 марта чақмоқдан омон қолди
Ушбу афсонавий одам Гиннеснинг рекордлар китобига яшин қайтаргич одам сифатида кирди. Табиий ҳодиса билан ҳар бир учрашуви эркак танасида жароҳатлар қолдирди. Бир куни оиласи яшайдиган уйнинг ҳудудида унинг турмуш ўртоғи ювган кийимларни осаётганида жароҳат олган.
Олимлар ушбу ҳодисани Ройнинг момақалдироқли ҳудудда яшаганлиги ва унинг иш фаолиятида (Миллий боғ қўриқчиси) чақмоқ уриш эҳтимоли юқори бўлганлиги билан изоҳлашди.
1998 йилда Конго Демократик Республикасида футбол майдонида яшин уриши оқибатида бутун бир жамоа – 11 киши ҳалок бўлган
Футбол майдонидаги барча ўйинчилар бир зумда вафот этди. Спортчилар 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган. Ажабланарлиси, рақиб жамоадан бир киши ҳам жароҳат олмади.
Футбол бугунги кунда ҳам табиат ҳодисаларидан энг кўп сонли ўлим қайд этилган ягона спорт тури бўлиб қолмоқда.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.