Чигиртка сапёрлик қилади
Маълумки, чигиртка ашаддий зараркунанда ҳашарот ҳисобланади. Уни ҳеч ким ёқтирмайди. Аниқланишича, бу очофат дала зараркунандаси фойда ҳам келтириши мумкин экан.
АҚШ ҳарбий денгиз кучлари буюртмаси ва молиялаштириши бўйича Вашингтон университети бир гуруҳ олимлари тадқиқот ўтказдилар. Натижалар шуни кўрсатдики, чигирткалар бирор бир жойда портловчи моддалар бор-йўқлигини ҳидидан билиш қобилиятига эга экан.
- Гап шундаки, чигиртка мўйлабида ҳид сезувчи ўта сезгир рецепторлар жойлашган, - дейди олимлар. - Мўйлабдан электр сигнал мияга келади. Ҳашаротнинг ана шу хусусияти олимлар изланишига туртки берди.
Ҳашаротни биороботга айлантириш учун улар миянинг ҳид билиш қисмига митти электрод киритдилар. Ҳашарот танасига эса нозик датчик маҳкамладилар, у компьютерга ҳид билиш нейронлари фаоллиги ҳақида ахборот узатади.
Тажриба чоғида махсус яширин тирқишларга турли портловчи моддалар пуркалди. Кузатув шуни кўрсатдики, ҳар хил моддалар миядаги турли гуруҳ нейронларни фаоллаштирди. Ҳашарот миясидаги ушбу реакция унга қандай портловчи модда бор-йўқлигини, умуман, у ҳаводами, ердами аниқлаш имконини берар экан.
Ҳавода портловчи моддани аниқлаш эҳтимоли 80 фоизни ташкил этади. Бу чигиртка учун ёмон кўрсаткич эмас.
Т.МУРОД тайёрлади.