Чори бобонинг тажрибаси асқотди

Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида "Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул" кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари С.Турдиев ҳамда вилоят ҳокими Э.Турдимов нуронийларнинг доно сўзи, ибратли ҳаёти ёшларнинг тарбияли, одоб-ахлоқли, илм олишга интилувчан бўлишида катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Кўрик-танлов қатнашчиларига омад тилади.

Танловда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган нуронийлар ўз ҳудудида “Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул” лойиҳаси асосида амалга оширган ишларини намойиш этди.

- Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, катта ҳаётий тажриба, билим ва обрўга эга бўлган 16 минг 224 нафар фаол нуронийга иш билан банд бўлмаган, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож 150 минг нафардан ортиқ  муаммоли ёшлар бириктирилган эди, - деди С.Турдиев. - Ушбу танловни ташкил қилишдан мақсад уюшмаган, тарбияси оғир ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, билим ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш ҳамда ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллиги ва ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланишдир.

Иштирокчилар ўзига бириктирилган, тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож бўлган ёшлар билан амалга оширган ишлари, уларнинг муаммоларига ечим топиши, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш бўйича чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди.

Танловда Сурхондарё вилояти вакили - 85 ёшли нуроний Чори Жумаев биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин вилоятимиз номидан қатнашган нурободлик Солижон Худоёров ҳамда учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси вакили Нурмуҳаммад Тилавмуратовга насиб этди. Биринчи ўрин соҳиби 27 миллион сўм,  иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаганлар 18 миллион сўм ва 9 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Бошқа иштирокчилар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирланди. 

- 65 йилдан буён ёшлар билан ишлайман, -  дейди Чори бобо Жумаев. - Бу кўрик-танлов бой тажрибамизни амалиётда қўллаш имконини берди. Термиз шаҳридаги 37 маҳалланинг барчасида фаолият олиб боряпмиз. Ҳозир уюшмаган ёшларга иш топишда кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашаётганимиз яхши натижа беряпти. Тарбияси оғир ёшларни турли ёмон одатлардан асраш мақсадида маҳаллаларда таъсирчан тарғибот тадбирлари олиб боряпмиз.

Танлов ташкилотчиларининг таъкидлашича, биринчи марта ўтказилаётган кўрик-танловнинг ижобий тажрибалари барча ҳудудларда амалиётда қўлланилади.

Сулайман Мардиев,

Фазлиддин Рўзибоев (сурат).