Дабдабали тўйлар: Қачонгача йўқчиликдан ор қилиб, бойликдан кибрланиб яшаймиз?

Бугун ўзига тўқ оилалар данғиллама тўй қилиб, уни ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилаётгани, бошқаларнинг бунга имкони бўлмаса-да, фарзандларини тенгқурларидан кам қилмаслик учун дабдабали тўй қилишга чиранаётгани ҳақиқат. Бу борада тўйларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, меъёрлар белгилаб берилган эди. Бироқ кейинги пайтда ўтказилаётган тўйларда ушбу меъёрларга амал қилинмаяпти.

Яқинда бир ўртоғим уйланди. Отаси Россиядан қайтгач, “Ўғлимни ҳеч кимдан кам қилмайман”, деб данғиллама тўй қилиб берди. Дўстим тўй куни “ЗАГС”га ўзи хоҳлаган “Мерс” машинасида борди. Куёвжўраларга ҳам “Малибу” “заказ” қилиб, пулини олдиндан тўлади. Ресторанни айтмайсизми, гуллар билан безатилган, дастурхонда турли ноз-неъматлар муҳайё, Тошкентдан таниқли хонандалар келган... 

Хуллас, тўй дабдабали ўтди. Лекин отанинг йиллар давомида мусофирликда ишлаб топган пули бир кунда совурилди. Бунинг устига, қулоғигача қарзга ботди. Энди отанинг бу қарзларни узиб, фарзандларини уйли-жойли қилгунча яна ўзга элларда мусофир бўлишига тўғри келади. 

Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикоясида биз, ўзбекларнинг шу феъли ҳақида гап кетади. Яъни, ўзи жўжабирдай чўпон оиласи бошқаларга фақирлигини кўрсатишдан ор қилади. Ҳатто ойда емайдиганини бир кунда тўкиб беради. Рўзғоримиз зўрға ўтиб турган бўлса-да, тўй қилишга келганда “бойваччалар”никидан кам бўлмасин, деймиз. Қачонгача йўқчиликдан ор қилиб, бойликдан кибрланиб яшаймиз?

Кейинги пайтда тўйларда никоҳ куни ярим тунда куёвжўраларнинг “Ёр-ёр” айтиши авж олган. Яқинда таҳририятимизга Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилди. Айтишларича, никоҳ куни ширакайф куёвжўралар автомашиналар йўлини тўсиб олади ва олов атрофида “Ёр-ёр” айтиб, рақсга тушади. Ёшларнинг бу қилиғи оқибатида ёш йигит ёнилғи ботирилган пахтани ёқаман деб юзини куйдириб олган ва ногирон бўлиб қолган. Наҳотки, ота-она ва маҳалладагилар уларни назорат қила олмаса?

Фазлиддин Рўзибоев.