Дафн этилганига тўрт ой бўлган эркак қабристонда тирик ҳолда топилди

Бу ҳақда Youm 7 портали хабар берди.

Муҳаммад Ал-Ғаммол жорий йилнинг январь ойида бедарак йўқолган эди. Уни оила аъзолари қидирса-да, ҳеч қандай наф бўлмади. Қариндошларнинг журналистларга айтишларича, у руҳий касалликдан азият чеккан. Орадан бироз вақт ўтганидан сўнг Муҳаммаднинг оила аъзоларига касалхонадан қўнғироқ бўлади ва касалхонага номаълум эркакнинг жасади келтирилганини маълум қилишади.

Барча оила аъзолари вафот этган одам Муҳаммад Ал-Ғаммол эканлигини тасдиқлайди, марҳумдан ДНК таҳлили ҳам олинади. Бироқ оиладагилар ДНК таҳлили натижаси чиқишини кутмасдан уни дафн этишга қарор қиладилар.

Орадан тўрт ой ўтиб, бир гуруҳ ёш йигитлар қабристонда кезиб юрган эркакка кўзи тушади. Эркак полиция маҳкамасига олиб келинади ва ўша ерда у бедарак йўқолган Ал-Ғаммол эканлиги маълум бўлади.

Эркак шу вақтгача қаерда бўлганлиги ҳозирча номаълум.