Дарслар тўлиқ инглиз тилида:  Самарқанд халқаро технология университетида талабалар учун таништирув тадбирлари бошланди

Самарқанд халқаро технология университетида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ўқишга қабул қилинган талабалар ва уларнинг ота-оналари учун 4 сентябрдан 8 сентябрга қадар “Таништирув ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев тадбирда сўз олиб, талабаликка тавсия этилган ёшларни қутлади.

Олийгоҳда ташкил этилган тадбирлар орқали талабалар университет фаолияти, дарс жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, талабалар клублари билан яқиндан танишишди. Мазкур таништирув ҳафталигида халқаро тажрибага эга тренер Гулнара Эмирали томонидан барча таълим йўналишларига “learn to learn” тренинг курси ўтказилди.

Маълумот учун: SIUTга АҚШ, Италия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Тунис, Эрон, Қозоғистон ва Жанубий Африканинг таълим ва илмий-техника марказларида фаолият олиб бораётган етакчи профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар таълим жараёнлари учун таклиф этилган. Университетда ўқув режалар ва дастурлари жаҳон таълим стандартлари асосида хорижий техника университетлари билан ҳамкорликда яратилган ва дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.